Камилла ва Марияни Лондонда жиддий синов кутмоқда
Англия пойтахти Лондон шаҳрида теннис бўйича “Катта Дубулға” туркумидан ўрин олган Уимблдон турнирининг яккалик йўналишида иккинчи давра беллашувлари бошланди.
Мусобақанинг ушбу босқичида мамлакатимиз шарафини Камилла Раҳимова ҳамда Мария Тимофеева ҳимоя қилишидан хабарингиз бор, албатта. Иккинчи даврада Камилла бугун грециялик Мария Саккари билан рақобатлашади. Мария эса бельгиялик Элизе Мертенсга қарши кортга чиқади.
Шунингдек, Камилла Раҳимова жуфтликлар баҳсидаги иштирокини ҳам бугун бошлайди. У япониялик Мию Като билан биргаликда нидерландиялик Деми Схюрс ҳамда австралиялик Эллен Перес жуфтлигига қарши баҳслашади.
Маълумот учун, Уимблдон турнирининг жорий йилги умумий мукофот жамғармаси 64 миллион 200 минг еврога тенг. Яккалик баҳслари ғолиблари 3 миллион 600 минг евро мукофот ҳамда 2000 рейтинг очкосини қўлга киритади. Жуфтликлар баҳси чемпионлари эса 760 минг евро мукофот пули ва 2000 рейтинг очкоси билан тақдирланади.
Жавоҳир Тошхўжаев,
ЎзА