Камбағалликни қисқартириш: янгича ёндашув, барқарор даромад
Миллиардлаб сўм ресурсларга қарамай, камбағалликни қисқартиришда натижалар турлича. Энди молиявий кўмакдан комплекс, барқарор даромад яратувчи лойиҳаларга ўтилмоқда.
Сўнгги йилларда камбағалликни қисқартириш йўналишида катта ҳажмдаги ресурслар, кредитлар, субсидиялар ва бандлик дастурлари ишга туширилди. Энди эътибор тобора уларнинг якуний самарасига — оиланинг ҳақиқий даромади, иқтисодий фаоллиги ва мустақил ишлаш имкониятига қаратилмоқда.
3-сентябрь куни Президент Шавкат Мирзиёев камбағалликни қисқартириш ва аҳоли даромадларини ошириш юзасидан ўтказилган видеоселектор йиғилишда ҳудудларга ажратилган ресурслар бир хил бўлса-да, натижалар кескин фарқ қилаётганини қайд этди. Шу нуқтаи назардан, камбағаллик билан ишлашда фақат молиявий кўмак эмас, балки бозор, технология, касб-ҳунар, бизнес-режа ва маҳсулотни сотиш занжирини бирлаштирган комплекс ечимлар зарурлиги таъкидланди.
Бу ёндашувни шартли равишда «лойиҳабай ишлаш» деб ифодалаш мумкин. Яъни, аввал ҳудуднинг иқтисодий имконияти ва оиланинг ҳолати ўрганилади, кейин эса уларни барқарор даромадга олиб чиқиши мумкин бўлган аниқ лойиҳа шакллантирилади. Бунда лойиҳанинг вазифаси ресурс тарқатиш эмас, балки ишлайдиган иқтисодий занжир яратишдан иборат.

Қорақалпоғистон Республикасининг Кегейли туманида ташкил этилган иссиқхона камбағалликни қисқартиришда ёрқин мисол бўла олди.
Камбағалликни қисқартириш ва бандлик вазирлиги ташаббуси билан лойиҳага 12.5 миллиард сўм имтиёзли маблағ ажратилиб, 5 гектарда замонавий енгил типдаги иссиқхона барпо этилди. Дастлаб тумандаги ижтимоий реестр рўйхатидаги 50 та оила қамраб олиниб, ҳар бирига 10 сотихдан иссиқхона майдони ажратилган.
Бироқ лойиҳанинг муҳим жиҳати майдон ажратишнинг ўзи билан чекланмайди. Комплексга бириктирилган лидер тадбиркор оилаларни икки йил давомида шу ернинг ўзида ўқитади. Улар етарли билим ва тажриба орттиргач, ўз томорқасида иссиқхона ташкил этиб, мустақил даромад манбаини яратишга кўмаклашиш кўзда тутилган.
Шу маънода Кегейлидаги тажриба «иш ўрни яратилди» деган бир босқичли ёндашувдан йироқ. Бу ерда занжир бир нечта босқичдан иборат: оилани танлаш, ишлаб чиқаришга жалб қилиш, амалий ўқитиш, маҳсулот етиштириш, бозор билан боғлаш, тажриба тўплаш ва кейинчалик мустақил фаолиятга ўтиш.
Сардор тадбиркорнинг иштироки ҳам шу занжирда алоҳида аҳамиятга эга. У фақат иш берувчи эмас, балки технология, амалий тажриба ва бозорни оила билан боғлайдиган иштирокчи сифатида майдонга чиқади. Давлат эса ресурс ажратиш билан бирга, шу иқтисодий алоқалар ишлаши учун шароит яратади.

Нега ҳар бир ҳудуд учун бир хил ечим ишламайди?
Лойиҳабай ёндашувнинг асосий мантиғи — камбағаллик сабаблари ҳам, ҳудудларнинг иқтисодий имкониятлари ҳам бир хил эмаслигини ҳисобга олиш. Муаммони ўрганиб, унга мақбул ечим топиш. Бир жойда иссиқхона самарали бўлиши мумкин, бошқа ҳудудда асаларичилик, чорвачилик, хизмат кўрсатиш, ҳунармандчилик ёки кичик ишлаб чиқариш кўпроқ даромад келтириши мумкин.
Қорақалпоғистоннинг ўзида 2026 йилнинг биринчи ярмида маҳаллаларда 307.5 миллиард сўмлик 2251 та лойиҳа амалга оширилган ва расмий маълумотларга кўра, шу орқали 6 430 нафар фуқаронинг даромади оширилган. Бу кўлам лойиҳабай ишлашни алоҳида тажрибадан тизимли ёндашувга айлантириш вазифасини ҳам кун тартибига қўяди.
- Шунинг учун асосий савол: «қайси дастурга одамни киритиш мумкин?» эмас, балки «шу ҳудудда ва шу оила учун қайси иқтисодий фаолият барқарор даромад бера олади?» бўлиши керак, - дейди Камбағалликни қисқартириш ва бандлик вазирининг ахборот сиёсати масалалари маслаҳатчиси, ахборот хизмати раҳбари Гулноза Алимова. - Лойиҳа ана шу саволга жавоб бергандагина у ижтимоий кўмакдан иқтисодий имкониятга айланади. Натижа ресурс билан эмас, оила даромади билан ўлчанади. Лойиҳавий ишлаш натижани баҳолаш мезонларини ҳам ўзгартиради. Қанча кредит берилгани, қанча ускуна ажратилгани ёки қанча киши банд қилингани муҳим кўрсаткичлар. Аммо, буларнинг ўзи оила камбағалликдан барқарор чиққанини англатмайди.
Якуний натижани тушуниш учун бошқа саволларга ҳам жавоб топиш керак. Яъни, оиланинг даромади ошдими? Бу даромад мунтазамми? Оила янги касб ёки ишлаб чиқариш кўникмасини эгалладими? Маҳсулот учун бозор борми ва у кейинчалик доимий ташқи кўмаксиз ҳам фаолиятини давом эттира оладими?
Кегейли мисоли шу жиҳатдан муҳим: у камбағалликни қисқартиришда ресурснинг ўзи эмас, ресурсдан кейинги бутун йўлни кўрсатади. Лойиҳанинг ҳақиқий самараси эса икки йиллик ўқитиш ва кейинги мустақил фаолият босқичидан сўнг оилалар даромадининг қанчалик барқарор бўлиши билан баҳоланади. Ҳозирги босқичда бу — модели ва механизми аниқ кўринаётган, аммо узоқ муддатли натижаси кейинги мониторингни талаб қиладиган тажриба.
Шу боис камбағалликни қисқартиришда лойиҳавий ёндашувнинг асосий формуласи оддий: ҳудуд имкониятини аниқлаш, оилага мос лойиҳани танлаш, билим ва кўникма бериш, бозор билан боғлаш ва барқарор даромадга олиб чиқиш. Бунда давлат кўмагининг қиймати ажратилган ресурс ҳажми билан эмас, оиланинг ўз даромадини мустақил ярата олиш қобилияти билан намоён бўлади.
Санжар Тошпўлатов, ЎзА