Камбағалликни қисқартириш ва инсон капитали: рақамлар ортидаги тақдирлар ва миллий равнақ стратегияси
МУНОСАБАТЎзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев мамлакатимиз мустақиллигининг 35 йиллигига бағишланган тантанали маросимдаги нутқида ижтимоий-иқтисодий ислоҳотларнинг энг муҳим ва тарихий натижаларидан бири — камбағалликни қисқартириш борасида эришилган муваффақиятлар хусусида алоҳида тўхталиб ўтди.
Давлатимиз раҳбари камбағаллик масаласини очиқ тан олиб, уни кескин қисқартириш бўйича Ўзбекистоннинг ўзига хос ва дунё ҳамжамияти томонидан эътироф этилаётган тажрибаси шаклланганини таъкидлади. Сўнгги йилларда мамлакатимизда камбағаллик даражаси 2017 йилдаги 35 фоиздан бугунги кунга келиб 4 фоизгача туширилди. Бу — шунчаки қуруқ статистик кўрсаткич эмас. Президентимиз таъкидлаганидек, ушбу рақамлар замирида рўзғорига барака кириб, турмуш сифати яхшиланган 10 миллион инсоннинг қувончи ва шукроналик туйғулари бор. Бу кўрсаткич миллионлаб оилалар даромадининг ортиши, янги касб ва меҳнат имкониятларининг пайдо бўлиши, фарзандлар таълими ҳамда яшаш шароитининг сифат жиҳатидан ўзгариши каби ҳаётий омилларда намоён бўлмоқда.
Сўнгги йилларда мамлакатимизда камбағаллик ҳодисасига муносабат тубдан ўзгарди. Илгариги ёндашувларда у бевосита ижтимоий ёрдам ва нафақалар ажратиш билан боғлиқ масала сифатида кўрилган бўлса, бугунги кунда мураккаб ва комплекс ижтимоий-иқтисодий ҳодиса сифатида баҳоланмоқда. Зеро, инсоннинг камбағаллик ҳолатига тушиб қолиши биргина омилга боғлиқ эмас. Ишсизлик, касбий малаканинг етарли эмаслиги, соғлиқни сақлаш ва таълим имкониятларининг чекланганлиги ҳамда яшаш инфратузилмасидаги узилишлар бир-бири билан чамбарчас боғлиқ ҳолда намоён бўлади. Шу боис, мамлакатимизда эҳтиёжманд оилалар билан «маҳаллабай» ишлаш тизимининг жорий этилгани қатъий аҳамиятга эга бўлди. Бу тизим орқали оиланинг фақат моддий ҳолати эмас, балки унинг касбий салоҳияти, соғлиғи, фарзандлар таълими ва яшаш шароитлари комплекс ўрганилиб, «муаммога эмас, инсонга» қараб ишлаш тамойили қарор топди.
Камбағаллик ва меҳнат бозори тадқиқотлари институтида олиб борилаётган илмий, назарий ва амалий тадқиқотлар натижалари шуни кўрсатадики, камбағалликни барқарор қисқартиришнинг бош омили — инсоннинг муносиб ва барқарор даромад манбаига эга бўлишидир. Бир марталик ёки вақтинчалик моддий кўмак инсоннинг муайян даврдаги эҳтиёжини қоплаши мумкин, аммо уни камбағаллик қопқонидан тўлиқ олиб чиқа олмайди. Бунинг учун, аввало, меҳнат қилиш, замонавий касб-ҳунар эгаллаш, тадбиркорлик фаолиятини йўлга қўйиш ва шахсий салоҳиятни рўёбга чиқариш учун кенг имкониятлар яратилиши зарур.
Бугунги тез ўзгараётган ва рақамлашаётган меҳнат бозори шароитида бир марта олинган касбий таълим етарли эмас. Технологияларнинг янгиланиши ва меҳнат мазмунининг ўзгариши ходимдан доимий равишда янги кўникмаларни ўзлаштиришни, ўз устида мунтазам ишлашни ва давомли изланишда бўлишни талаб этмоқда. Шу сабабли, камбағалликни қисқартириш сиёсати бевосита инсон капиталини ривожлантириш ва меҳнат бозори сиёсати билан уйғун ҳолда олиб борилмоқда.
Камбағаллик даражасининг 4 фоизгача туширилгани — улкан марра, аммо бу жараённинг ниҳояси эмас. Давлатимиз раҳбари ўз нутқида келгуси ўн йиллик Ўзбекистон учун «миллий юксалиш даври» бўлишини таъкидлаб, инсон қадрини юксалтиришга қаратилган 7 та миллий дастурни илгари сурди. Институт таҳлиллари шуни кўрсатадики, ушбу дастурлар аҳоли фаровонлигини оширишнинг янги пойдеворини яратади.
Хусусан, биринчи миллий дастур билим ва малакани тараққиётнинг асосий капиталига айлантиришни назарда тутади. Техникумларда халқаро таълим стандартларини жорий этиш, ёшларни юқори даромадли касбларга ўқитиш орқали касбий таълим қамровини 1 миллион нафарга етказиш ҳамда «Янги Ўзбекистонда касб эгалламаган бирорта йигит-қиз қолмайди» деган эзгу мақсад белгиланди. Камбағалликни қисқартириш айнан шу нуқтадан бошланади: касб ва билимга эга бўлган инсон рақобатбардош кадрга айланади ва ўз оиласининг фаровонлигини мустақил таъминлаш имконига эга бўлади.
Шунингдек, учинчи миллий дастурда иқтисодиётимизни юқори технология ва меҳнат унумдорлиги моделига ўтказиш таклиф этилмоқда. Унга кўра, келгуси ўн йилда 450 миллиард доллар хорижий инвестиция жалб қилиш, 2030 йилгача ЯИМ ҳажмини 300 миллиард долларга етказиш ва саноатда 2 миллионта юқори даромадли иш ўрни яратиш мақсад қилинган. Бу ислоҳотлар камбағалликка қарши кураш сиёсатини янги босқичга олиб чиқади. Эндиги асосий вазифа шунчаки «иш ўрни яратиш» эмас, балки юқори унумдор ва муносиб даромад келтирадиган иш ўринларини шакллантиришдан иборат. Юқори меҳнат унумдорлиги ва иш ҳақининг ортиши мамлакатда ўрта даромадли аҳоли қатламини кенгайтиради ва қайта камбағаллашув хавфининг олдини олади.
Олтинчи миллий дастур эса маҳаллани жамият тараққиётининг асосий буюртмачисига айлантиришга йўналтирилган бўлиб, унинг ижтимоий-иқтисодий мавқеини тубдан оширади. Туман бюджети ва инфратузилма лойиҳалари айнан маҳалла буюртмаси асосида шакллантирилади. Маҳалла — камбағаллик омиллари ва меҳнат ресурсларининг реал ҳолати энг аниқ кўринадиган бўғиндир. Қайси оилага касбий таълим, қайси бирига тадбиркорлик ёки инфратузилма зарурлигини маҳалланинг ўзи белгилаши «маҳаллабай» ишлаш тизимининг самарадорлигини максимал даражага олиб чиқади.
Президентимиз нутқида илгари сурилган ушбу стратегик йўналишлар бир-бири билан мустаҳкам боғланган ягона ва мукаммал занжирни ҳосил қилади: Билим ва малака ➔ Муносиб касб ➔ Юқори унумдор меҳнат ➔ Юқори даромадли иш ўрни ➔ Оила фаровонлиги ➔ Камбағалликнинг барқарор қисқариши. Ушбу занжирнинг энг муҳим концептуал аҳамияти шундаки, у инсонни шунчаки ижтимоий ёрдам ёки нафақа олувчи субъектдан фаол иқтисодий ва касбий фаолият субъектларига айлантиради.
Хулоса ўрнида айтиш мумкинки, мамлакатимизда камбағалликни қисқартириш борасида эришилган натижалар ва илгари сурилган 7 та миллий дастур ижтимоий сиёсатнинг мазмун-моҳияти сифат жиҳатидан янги босқичга кўтарилганидан далолат беради. Эндиликда камбағалликни қисқартириш сиёсатининг самарадорлигини баҳолашда нафақат ажратилган ёрдам ва нафақалар сони, балки қанча инсон замонавий касб ва кўникмани эгаллагани, қанча оила барқарор ва юқори даромадли иш ўрнига эга бўлгани, ҳудудларда меҳнат унумдорлиги қай даражада ошгани ҳамда қанча оила камбағалликка қайта тушиш хавфидан батамом чиққани асосий мезонга айланади. Янги Ўзбекистонда камбағалликни қисқартириш — бу шунчаки рақамларни пасайтириш эмас, балки ҳар бир инсонга муносиб ҳаёт кечириш, ўз меҳнати ва билими билан фаровон келажагини қуриши учун имконият яратишга қаратилган инсонпарвар сиёсатнинг амалий ифодасидир.
Дилмурод ИЗЗАТОВ,
Камбағаллик ва меҳнат бозори тадқиқотлари институти илмий ходими.