Камбағалликни меҳнат ва аниқ ечим қисқартиради
Камбағалликни қисқартиришда Бухорода хонадонбай ва фуқаробай ишлашнинг янги тизими йўлга қўйилди.
Камбағаллик — оддий статистик рақам эмас. Унинг ортида ўз орзуси, қобилияти, меҳнати ва эртанги куни ҳақида ўйлаётган инсон, бутун бир оиланинг тақдири турибди. Шу боис камбағалликни қисқартириш масаласига ҳам фақат ҳисобот ёки умумий кўрсаткичлар нуқтаи назаридан эмас, ҳар бир хонадон, ҳар бир инсон ҳаёти билан боғлиқ муҳим вазифа сифатида ёндашиш талаб этилади.
Давлатимиз раҳбари ташаббуси билан сўнгги йилларда аҳоли бандлигини таъминлаш, камбағалликни қисқартириш ва оилалар даромадини ошириш борасида тизимли ислоҳотлар амалга оширилмоқда. Жорий йилнинг 3 сентябрь куни Президент раислигида ўтказилган видеоселектор йиғилишида эса бу борадаги ишларни мутлақо янги тартибда ташкил этиш, натижани умумий рақамлар билан эмас, инсон тақдири ва реал даромади билан ўлчаш вазифаси қўйилди. Бу топшириқ Бухоро вилоятида ҳам янги иш услубига айланмоқда. Эндиликда асосий савол “қанча одам ҳисобга олинди?” эмас. Асосий савол — “қанча инсон ишли бўлди, қанча оилада даромад манбаи пайдо бўлди?”
Белгиланган вазифалардан келиб чиқиб, вилоятда ишларни умумий статистика асосида эмас, ҳар бир оила ва ҳар бир фуқаро бўйича аниқ ечим белгилаш тамойилига ўтилди.
Вилоят ҳокимининг 2026 йил 4 сентябрдаги қарори билан вилоят штаби таркиби ҳамда вилоят даражасидаги масъулларни ҳудудларга бириктириш жадвали тасдиқланди. Вилоят ҳокими раҳбарлигида вилоят штаби, 13 та туман ва шаҳарда эса ҳокимлар бошчилигида ҳудудий штаблар ташкил этилди.
516 та маҳаллада маҳалла “еттилиги”, банклар, бандлик органлари ва бошқа масъул идоралар иштирокида ишлаш тизими йўлга қўйилди. Жойлардаги вазифаларни амалга ошириш учун 900 нафардан ортиқ мутахассисдан иборат ишчи гуруҳлар шакллантирилди.
Бироқ бу сафарги ёндашувнинг энг муҳим жиҳати — қоғоздаги рўйхат эмас, хонадоннинг эшигини қоқиш бўлди. Ишчи гуруҳлар ҳар бир хонадонга кириб, фуқаронинг ҳақиқий бандлиги, касби ва кўникмаси, ишлаш истаги, тадбиркорлик ташаббуси, кредит, субсидия, ссуда, ер ва бошқа ресурсларга эҳтиёжини ўрганди.

Дастлаб Ижтимоий реестрдаги 21 минг 824 та оиладаги 81 минг 834 нафар фуқаронинг ҳолати таҳлил қилинди. Уларнинг 26 минг 640 нафари меҳнатга лаёқатли экани аниқланди. Бунга бандлик платформаларида қайд этилган 31 минг 444 нафар ишсиз фуқаро қўшилиб, жами 58 минг 84 нафар инсон номма-ном ўрганишга олинди.
Натижа эса рақамдан кўра муҳимроқ: 40 минг 242 нафар фуқаронинг аниқ талаби ва унга мос ечим механизми шакллантирилди. Жумладан, 30 минг 527 нафарни легал бандлик ва ўзини ўзи банд қилишга, 4 минг 777 нафарни доимий ишга, 2 минг 426 нафарни тадбиркорлик ва кредитга, 1 минг 763 нафарни касбга ўқитиш ва даромадли меҳнатга, 749 нафарни ссуда, субсидия, ер ва бошқа кўмакларга йўналтириш белгиланди.
Бу рақамларнинг ҳар бири ортида битта инсоннинг ўзгариши, битта оиланинг янги имконияти бор. Ресурс бор. Энди уни эгасини топиш керак.
Янги тизимнинг яна бир муҳим жиҳати — фуқаронинг эҳтиёжи аниқланиб, кейин ресурс қидирилмаяпти. Аксинча, мавжуд имкониятларнинг ўзи ҳам қайта хатловдан ўтказилиб, инсон талабига боғланмоқда.
Вакант иш ўринлари, кредит ва жамғарма маблағлари, чорва, иссиқхона, паррандачилик, микролойиҳалар ҳамда инвестиция имкониятлари ягона ресурс базаси сифатида шакллантирилди. Энг муҳими, ҳар бир ресурсни “кимга берилади — нима иш қилади — қанча даромад олади — қанча иш ўрни яратади” деган тамойил асосида манзилли йўналтириш тизими жорий этилди. Демак, энди кредитнинг ўзи натижа эмас. Субсидиянинг ажратилгани ҳам натижа эмас. Асосий натижа — ана шу маблағ ортидан инсоннинг даромади ошдими, оиласи фаровонлашдими, янги иш ўрни яратилдими?
Янги тизимнинг дастлабки икки кунидаёқ 13 минг 559 нафар фуқаро бўйича амалий чоралар кўрилди. Шундан, 2 минг 441 нафарнинг бандлиги таъминланди. 523 нафарни касб-ҳунарга ўқитиш бошланди. 490 нафар фуқарога 11,9 миллиард сўм кредит ажратилди. 10 минг 105 нафар фуқаронинг норасмий фаолияти легаллаштирилди.
Бу ерда яна бир муҳим ҳақиқат намоён бўлади: айрим одамлар ишсиз эмас, балки расмий статистикада ишсиз эди. Бу фарқ эса жуда катта.

Шофиркон туманининг Дўрмон маҳалласида янги ёндашувнинг дастлабки амалий натижаси кўзга ташланди. Йиғилишдан кейинги биринчи куннинг ўзида маҳалладаги 63 та камбағал оила ва 79 нафар ишсиз фуқаро бирма-бир ўрганилди. Натижада 34 нафар фуқарога аниқ даромад манбаи белгилаб берилди.
15 нафарга жами 81 бош қўй, 8 нафарга сигир, 10 нафарга ихчам иссиқхона, 1 нафарга тикув машинаси ажратиш чораси кўрилди. Эътиборлиси, чорва моллари шу куннинг ўзида хонадонларга етказиб берилди.
Ишлаш истагини билдирган 5 нафар фуқаронинг 1 нафари ободонлаштириш корхонасига, 4 нафари “Zarhaltex” МЧЖга йўналтирилди. Яна 45 нафар фуқаронинг амалда ишлаб тургани, аммо бандлиги норасмий экани аниқланди ва уларни легаллаштириш чоралари кўрилди.
Шунингдек, камбағал оилаларнинг контракт тўлови, уй-жой таъмири, боғча ва ўқув курслари билан боғлиқ ижтимоий муаммолари ҳам жойида, манзилли тарзда ҳал этилди.
Бу — “ёрдам берилди” деган умумий иборадан кўра анча катта маънони англатади. Чунки бу ерда инсоннинг эҳтиёжи ўрганилди, имконияти аниқланди ва унга мос ечим берилди.
Армечандаги “ишсизлар” ким эди? Ғиждувон тумани Армечан маҳалласидаги ўрганиш эса хонадонбай ишлашнинг яна бир муҳим жиҳатини очиб берди.
Ҳисоботда 132 нафар фуқаро муаммоси ечимсиз деб кўрсатилган эди. Аммо ишчи гуруҳлар жойига чиқиб, хонадонларни ўргангач, қоғоздаги маълумот билан ҳақиқий ҳаёт ўртасида жиддий тафовут борлиги маълум бўлди. Биринчи хонадонда ишсиз деб қайд этилган фуқаро амалда 60 бош наслли буқа боқаётгани ва яна 3 нафар инсонни иш билан таъминлаётгани аниқланди.
Иккинчи хонадонда қоғозда эр-хотин ишсиз эди. Аммо амалда 3 сотих иссиқхона, 6 минг бош тухум йўналишидаги товуқ, 20 бош мол ва ҳунармандчилик фаолияти мавжуд. Бундан ташқари, яна 2 минг бош парранда учун янги жой қурилаётгани маълум бўлди.
Учинчи хонадонда эса 2 минг бош товуқ парвариш қилиниб, оиланинг уч нафар аъзоси шу фаолият билан банд экани кўрилди. Бу манзара кишини ўйлантиради. Демак, баъзан муаммо иш ўрни йўқлигида эмас. Муаммо — тизим инсоннинг ҳақиқий меҳнати ва даромадини кўрмаётганида бўлиши мумкин. Шу боис энди фуқарони фақат рўйхатдаги мақоми билан эмас, хонадондаги реал фаолияти билан баҳолаш муҳим.

Ҳақиқий ишсиз — ишга жойлаштирилади. Норасмий ишлаётган — легаллаштирилади. Тадбиркорлик қилаётган — қўллаб-қувватланади. Ишлаб турган, аммо имконияти чекланган фаолият эгасига эса уни кенгайтириш учун ресурс берилади.
Давлат раҳбари ташаббуси билан бошланган мазкур янгича ёндашувнинг энг катта аҳамияти шундаки, у камбағалликка муносабатни ўзгартирмоқда.
Аввал “қанча киши рўйхатга олинди?”, “қанча кредит ажратилди?”, “қанча хонадон ўрганилди?” деган саволлар муҳим бўлган бўлса, энди бу саволларнинг ўзи етарли эмас. Чунки рўйхатдаги рақам инсоннинг ҳаётини ўзгартирмайди. Инсон ҳаётини аниқ амалий ечим ўзгартиради.
Шу маънода, Бухорода йўлга қўйилаётган хонадонбай ва фуқаробай ишлаш тизими оддий бошқарув услубининг ўзгариши эмас. Бу — давлат ёрдамини инсонга яқинлаштириш, имкониятни эҳтиёжманд хонадонга етказиш, меҳнат қилаётган одамни қўллаб-қувватлаш ва энг муҳими, камбағалликдан чиқиш учун ҳар бир оилага ўз йўлини топиб беришга қаратилган ёндашувдир.
3 сентябрдан кейин Бухоро вилоятида ишнинг мазмуни ўзгарди: “Рўйхат тузиш”дан — хонадонга киришга, “Муаммони қайд этиш”дан — аниқ ечим беришга, “Кредит ажратилди” деган ҳисоботдан — реал даромадга, “Банд қилинди” деган рақамдан — барқарор меҳнатга ўтиш бошланди. Энди мезон ҳам бошқача. Қанча хонадон хатлов қилингани эмас — хатловдан кейин қанча инсон ишли бўлди? Қанча кредит берилгани эмас — шу кредит ортидан қанча даромад пайдо бўлди? Қанча фуқаро рўйхатдан чиқарилгани эмас — қанча оила ўзини ўзи таъминлайдиган даражага етди? Ана шу саволлар янги тизимнинг ҳақиқий самарасини белгилайди.Зеро, камбағалликни рақамлар қисқартирмайди. Инсонга берилган имконият, меҳнат ва аниқ ечим қисқартиради.
Бугун Бухорода ана шу тамойил амалда ўз тасдиғини топмоқда. Ҳар бир эшик қоқилмоқда, ҳар бир инсон тингланмоқда, ҳар бир имконият изланмоқда. Ва энг муҳими — ҳар бир хонадоннинг эртанги куни учун аниқ қадам белгиланмоқда. Бу эса камбағалликни қисқартиришнинг шунчаки янги усули эмас. Бу инсонни рақамдан шахсга, статистикадан тақдирга, ҳисоботдан натижага айлантирган янги ёндашувдир.
Зариф Комилов, ЎзА мухбири