Кам таъминланган шахсларнинг ҳуқуқлари Конституциявий судда самарали ҳимоя қилинади
Фуқароларнинг малакали юридик ёрдам олишга бўлган ҳуқуқлари кафолатларини кучайтиришга қаратилган тизимли ишлар амалга оширилмоқда. Бу уларнинг одил судловга бўлган ишончини оширишда муҳим омил бўлаётир.
Ўзбекистон Республикаси Конституциявий судига мурожаат қилинганда қандай юридик ёрдам олиш мумкин? Бу саволга Конституциявий суд матбуот хизмати раҳбари Камола Ҳамидова жавоб берди:
— Ўзбекистон – ижтимоий давлат. Бу норма Конституциянинг 1-моддасида белгиланган. Ижтимоий давлат – ҳар бир фуқаро ижтимоий адолатдан фойдаланиши, давлатдан ғамхўрлик кутиши ва ўз муаммолари билан ёлғиз қолмаслиги ҳуқуқий жиҳатдан кафолатланганини англатади. Бу, “Инсон қадри учун!” деган улуғвор ғояни ҳаётга татбиқ этишнинг конституциявий асоси ҳамдир.
2026 йил 20 апрелда “Кам таъминланган шахсларга давлат ҳисобидан юридик ёрдам кўрсатиш тизими янада такомиллаштирилиши муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига қўшимча ва ўзгартиришлар киритиш тўғрисида”ги қонун кучга кирди.
Айтиб ўтиш керакки, 2021 йилда илк бор фуқаролар ва юридик шахсларга Конституциявий судга бевосита мурожаат қилиш ҳуқуқи берилди ва бу ҳуқуқ янги таҳрирдаги Конституциянинг 133-моддасида мустаҳкамланди. Яъни, судда ҳимоя қилишнинг барча босқичидан сўнг, қонуннинг Конституцияга мувофиқлигини текшириш бўйича мурожаат этиш ҳуқуқи киритилди. Мазкур ҳуқуқнинг қонунда акс этиши натижасида Конституциявий судга мурожаатлар сони ҳам кескин ошди.

Қонун Конституциявий суднинг 2024 йилда мамлакатдаги конституциявий қонунийликнинг ҳолати тўғрисидаги ахборотида берилган таклиф ва тавсияларни амалга ошириш бўйича қонунчилик ташаббуси ҳуқуқи асосида ишлаб чиқилган.
Конституциянинг 29-моддасига мувофиқ, ҳар кимга малакали юридик ёрдам олиш ҳуқуқи кафолатланган. Қонунда назарда тутилган ҳолларда юридик ёрдам давлат ҳисобидан кўрсатилади.
Мазкур конституциявий нормалар такомиллаштирилиб, «Ўзбекистон Республикасининг Конституциявий суди тўғрисида» ва «Давлат ҳисобидан юридик ёрдам кўрсатиш тўғрисида»ги қонунларга қўшимча киритилди.
Унга кўра, кам таъминланган шахслар, агар улар муайян ишда суд томонидан ўзига нисбатан қўлланилган қонуннинг Ўзбекистон Конституциясига мувофиқлиги тўғрисида Конституциявий судга мурожаат этганда давлат ҳисобидан юридик ёрдам олиш ҳуқуқига эга эканлиги белгиланди.
Янги таҳрирдаги Конституциянинг 55-моддасида ҳар ким ўз ҳуқуқ ва эркинликларини қонунда тақиқланмаган барча усуллар билан ҳимоя қилишга ҳақли эканлиги белгиланган.
Ҳар кимга ўз ҳуқуқ ва эркинликларини суд орқали ҳимоя қилиш, давлат органларининг ҳамда бошқа ташкилотларнинг, улар мансабдор шахсларининг қонунга хилоф қарорлари, ҳаракатлари ва ҳаракатсизлиги устидан судга шикоят қилиш ҳуқуқи кафолатланган.
Бироқ барча фуқаролар зарур ҳуқуқий билимга эга бўлавермайди. Бундай ҳолларда фуқаролар ҳуқуқий ёрдам олишга эҳтиёж сезади. Кам таъминланган шахслар эса ҳуқуқий ёрдам олиш учун зарур маблағга эга бўлмаслиги мумкин.
Шунинг учун кам таъминланган шахсларга ўз ҳуқуқ ва эркинликларини ҳимоя қилишда малакали юридик ёрдам олишлари учун ҳуқуқий асос янада мустаҳкамланди.
Кейинги йилларда мамлакатда суд-ҳуқуқ соҳасида амалга оширилаётган ислоҳотлар, шунингдек, янгиланган Конституциянинг 133-моддасида агар қонун фуқаролар ва юридик шахсларнинг фикрича, уларнинг конституциявий ҳуқуқлари ва эркинликларини бузаётган бўлса, Ўзбекистон Республикасининг Конституциясига мувофиқ келмаса ҳамда судда кўрилиши тугалланган муайян ишда қўлланилган бўлса ва судда ҳимоя қилишнинг барча бошқа воситаларидан фойдаланиб бўлинган бўлса, улар қонуннинг Конституцияга мувофиқлигини текшириш тўғрисидаги шикоят билан Конституциявий судга мурожаат этишга ҳақли эканлиги белгиланди.
Мазкур қонун белгиланган тартиб-таомиллар ва шартларга мувофиқ тўлиқ ёки қисман давлат ҳисобидан кўрсатиладиган, жисмоний шахсларнинг ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилишга қаратилган малакали юридик ёрдам кўрсатишни янада такомиллаштиришни назарда тутади.
Давлат ҳисобидан юридик ёрдам – кам таъминланган шахсларга, хотин-қизлар ва эркакларнинг тенг ҳуқуқлилиги бузилган шахсларга ҳамда психиатрия ёрдами кўрсатилаётган шахсларга кўрсатилади.
Давлат ҳисобидан юридик ёрдам олиш истагини билдирган шахс “Юридик ёрдам” ахборот тизими орқали электрон шаклда ёки махсус ваколатли давлат органига оғзаки ёки ёзма шаклда мурожаат қилиши мумкин. Шунингдек, ишни кўриб чиқаётган ваколатли орган ёки мансабдор шахсга давлат ҳисобидан адвокат ажратилиши ҳақида илтимоснома бериши керак.
Қонунга асосан давлат ҳисобидан юридик ёрдам кўрсатадиган адвокатларни электрон танлаш имконияти яратилган.
Адвокатларни ишга жалб этиш инсон омилисиз “Юридик ёрдам” ахборот тизими орқали тасодифий танланади.
Давлат ҳисобидан юридик ёрдам кўрсатган адвокатлар ҳақидаги маълумотлар очиқ ва шаффоф ҳолда “Юридик ёрдам” ахборот тизимида эълон қилинади.
Бепул юридик ёрдам кўрсатиш имкониятларининг кенгайтирилгани ва шаффоф тизим яратилгани фуқароларнинг одил судловга эришиш даражасини оширади.
Янги қонун фуқароларнинг суд орқали самарали ҳимоя этилишини таъминлайди. Муайян ишда суд томонидан ўзига нисбатан қўлланилган қонуннинг Конституцияга мувофиқлиги тўғрисида Конституциявий судга мурожаат этган шахслар шикоятлари мазмунан ва сифатли тайёрланишига кўмаклашилади.
Фуқароларнинг бузилган конституциявий ҳуқуқ ва эркинликларини тиклаш юзасидан Конституциявий судга мурожаат қилиш имконияти кенгаяди. Кам таъминланган фуқароларнинг ҳуқуқлари барча судларда, хусусан Конституциявий судда самарали ҳимоя қилинади. Мазкур судда кўриладиган ишларнинг сифати янада ошади.
Н.Абдураимова,
ЎзА