Кам таъминланган шахсларга давлат ҳисобидан юридик ёрдам кўрсатиш тизими такомиллаштирилади
Аҳолининг ижтимоий ҳимояга муҳтож қатламини қўллаб-қувватлаш чоралари изчил давом этмоқда. Айниқса, жорий ташаббуслар қонун билан мустаҳкамланаётгани нур устига нур бўлмоқда.
2026 йил 20 апрелдаги ЎРҚ–1135-сон қонун билан айрим қонун ҳужжатларига қўшимча ва ўзгартиришлар киритилди.
Хусусан, “Давлат ҳисобидан юридик ёрдам кўрсатиш тўғрисида”ги қонунга киритилган қўшимчаларга кўра, кам таъминланган шахслар, агар улар муайян ишда суд томонидан ўзига нисбатан қўлланилган қонуннинг Ўзбекистон Конституциясига мувофиқлиги тўғрисида Конституциявий судга мурожаат этганда давлат ҳисобидан юридик ёрдам олиш ҳуқуқига эга экани белгиланди.
Давлат ҳисобидан юридик ёрдам кўрсатиш ҳақидаги сўров “Юридик ёрдам” ахборот тизими орқали давлат ҳисобидан юридик ёрдам олиш ҳуқуқига эга бўлган, Конституциявий судга шикоят билан мурожаат этган фуқаронинг илтимосига кўра Конституциявий суд томонидан юборилади.
Қайд этиш жоиз, қонун устуворлиги билан бирга инсон қадри ҳам мустаҳкамланиб бораётгани барқарор жамият шаклланаётганидан далолат.
Шербек Исломов, ЎзА