“Кам бўлмасин” деган халқнинг қимматга тушаётган одати
Тўй… Аслида бу сўзнинг ўзида қандайдир ўзгача нур бор. Ота-онанинг дуоси, икки қалбнинг бир-бирига ишончи, янги ҳаётнинг илк қадами, бир қизнинг оқ либосга бурканган орзулари ва бир йигитнинг “энди мен оилалиман” деган масъулияти бор унда.
Аммо бугун айрим тўйларга қараб инсоннинг юраги ғаш тортади. Негадир бахт камайиб, дабдаба кўпайиб кетгандек. Тўйлар икки ёшнинг ҳаётидаги энг гўзал кун эмас, жамият олдида топшириладиган “имтиҳон”дек гўё. Ушбу имтиҳон марказида “одамлардан кам бўлмаслик” учун совурилган миллионлар, бир кунлик ҳавас деб йиллар давомида тўланадиган қарзлар ётибди. Энг ачинарлиси, буларнинг бари “орзу-ҳавас” деган чиройли ниқоб ортига яшириниб олган.
Ўзбек халқи азалдан маросимларга бой халқ. Никоҳ, суннат, бешик тўйи каби қадриятлар халқнинг маданий хотираси, оилавий бирдамлиги ва жамиятдаги меҳр-оқибат тушунчаларини ифодалаб келган. Аслида ҳар бир урф-одатнинг замирида маъно, тарбия ва инсоний қадрият мужассам бўлган. Аммо вақт ўтиши билан айрим удумлар мазмунини йўқотиб, шаклбозлик, дабдаба ва ижтимоий босим воситасига айлана бошлади.
Жамиятда кўпчилик тилга олишга уяладиган, аммо ич-ичидан ҳис қиладиган бир ҳақиқат бор: ўзбек тўйларидаги айрим урф-одатлар аллақачон қолиплаштирилиши, тартибга солиниши, ҳатто баъзи бачкана кўринишлари аста-секин йўқолиши керак бўлган даражага етди.
Тўйнинг асл моҳияти икки инсоннинг никоҳ орқали оила қуриши ва янги ҳаёт бошлашидан иборат. Аммо баъзи ҳолларда тўй ким ўзарга айланиши натижасида мазмун иккинчи ўринга тушиб қолмоқда. Баъзилар ортиқча дабдабани “орзу-ҳавас” билан оқлайди. Аслида эса бу тушунча кўп ҳолларда ижтимоий босимнинг юмшоқ шаклига айланиб қолган. Мисол учун, юзлаб меҳмонлар ва қудалар орасида ўнлаб тоғоралар олди-бердиси-ю дабдабали кортежларнинг ҳаммаси ёш оиланинг келажагига эмас, бир кунлик таассуротга хизмат қилади.
Сўнгги йилларда айрим тўйлар табиийликдан тобора узоқлашмоқда. Видеооператорнинг ҳар бир ҳаракатни бошқариши, сунъий саҳналар, олдиндан ўргатилган кулгулар, мажбурий рақсларнинг барчаси тўйни самимий маросимдан кўра спектаклга ўхшатмоқда.
Айниқса, келин-куёвнинг махсус рақси вақтида кузатиладиган айрим ҳолатлар жамият дидининг қанчалик ўзгариб кетганини кўрсатади. Баъзи тўйларда куёв жўраларнинг келин-куёв атрофида бачкана ҳаракатлар билан айланиши, кераксиз қийқириқлар, рақсни ҳурматсиз томошага айлантириши жуда хунук манзарани юзага чиқармоқда. Натижада эса тўй маданиятни эмас, бачканаликни тарғиб қилмоқда.
Ижтимоий тармоқларда ҳам ўзбек тўйларига оид видеолавҳалар миллионлаб кўрилмоқда. Афсуски, бу лавҳалар фақатгина гўзал манзаралардан иборат эмас. Бир ёқда келин ва куёв валси атрофида “оққуш” рақсини ижро этаётган куёв жўралар бўлса, бошқа томонда тўйдаги раққосани ўраб олган бир тўда маст эркаклар…
Тўйдан икки кун аввал дабдабали студияларда ташкил этиладиган “Маrry me” маросимлари энди одатий ҳолга айланиб улгурди. Орадан кўп ўтмай эса навбат қизларнинг “pijama party”ларига келади. Бир пайтлар фақат қудалар ўртасида беҳуда алмашинадиган тоғоралар, қимматбаҳо сарполар ва мебеллар сабаб юзага келадиган ортиқча харажатлар муҳокама қилинар эди. Эндиликда эса ғарбдан кириб келган ва “ўзбекчалаштирилган” янги удумлар ҳам тўй аталмиш маросимнинг кераксиз “анъаналари” қаторини янада кенгайтирмоқда.
Аслида тўйлардаги дабдабабозлик ва ортиқча харажатлар масаласи бугуннинг муаммоси эмас. Асрлар аввал ҳам бу иллатлар халқнинг нафақат маиший ҳаётига, балки ижтимоий тараққиётига ҳам салбий таъсир кўрсатгани ҳақида жадид маърифатпарвари Маҳмудхўжа Беҳбудий куйиниб ёзган эди: “Тўй ва таъзияга сарф қилинатурғон оқчаларимизни биз туронийлар илм ва дин йўлига сарф этсак, анқариб ўврупойиларидек тараққий этармиз ва ўзимиздан обрў ва ривож топармиз. Йўқ, ҳозирги ҳолимизда давом этсак, дин ва дунёға зиллат ва мискинатдан бошқа насибамиз бўлмайдир”.
Орадан бир асрдан ортиқ вақт ўтди. Замон ўзгарди, шакллар янгиланди, бироқ моҳият деярли ўша-ўша қолмоқда. Фақат бугунги дабдабанинг кўриниши бошқача, холос.
Бугун тўй ҳақида мулоҳаза юритар эканмиз, энг муҳим савол: шу базмнинг ҳақиқий қаҳрамонлари бўлган ёшларнинг ўзи тўйларини ростдан ҳам шу тарзда ўтказишни қанчалик хоҳлайди? Ёки улар ҳам жамиятдаги босим қурбонига айланиб бормоқдами?
Ҳозирги ёшларнинг тўй ҳақидаги қарашлари “Baby bumer” ва “Х” авлоддан анча фарқ қилади. Айниқса, интернет, глобал тафаккур ва иқтисодий мустақиллик ҳақидаги тушунчалар кучайгани сари ёшлар тўйга “энг катта мақсад” эмас, “ҳаётнинг бир куни” сифатида қарай бошламоқда. Аммо жамиятдаги эски қарашлар билан янги авлод тафаккури ўртасида жиддий қарама-қаршилик ҳам юзага келмоқда.
Кўпчилик ёшлар бугун дабдабали тўйдан кўра, кейинги тинч ва барқарор ҳаёт, таълим, саёҳатни ва молиявий эркинликни муҳимроқ деб билади. Чунки улар бир кунлик дабдаба умр бўйи бахт кафолати эмаслигини тушунишмоқда.
Баъзи ёшлар тўйлардаги ортиқча сарпо, дабдабали кортеж, мажбурий удумлар учун қилинадиган харажатларни замонга мос эмас деб ҳисоблайди. Аммо муаммо шундаки, улар хоҳлаган оддий тўйни қилиш ҳар доим ҳам осон эмас. Сабаби ота-оналар, қариндошлар ва жамият босими кўплаб ёшларни ўз истагидан воз кечишга мажбур қилади. Натижада оддийликни истаган ёшлар ҳам дабдабали тўй қилишга мажбур бўлади.
Айрим ёшлар эса умуман янги маданиятни шакллантириш тарафдори. Улар ихчам тўй, ортиқча маросимларсиз никоҳ ва кичик яқинлар даврасини афзал кўришмоқда ва тўйларини ҳам шунга мувофиқ тарзда ўтказишяпти.
Лекин бошқа қатлам ҳам бор. Ижтимоий тармоқлар таъсирида айрим ёшлар учун тўй бугун “контент”га айланиб бормоқда. Кимнинг видеоси чиройлироқ, кимнинг тўйи тренд бўлади, кимнинг кортежи ҳашаматлироқ каби масалалар ҳам баъзи ёшлар онгига таъсир қилмоқда.
Шу сабаб бугун барчани бир хил фикрда дейиш қийин. Аммо умумий хулоса шуки, янги авлод аста-секин дабдабадан кўра мазмунга эргашмоқда. Эҳтимол, айнан ҳозирги ёшлар келажакда ўзбек тўйларининг шаклини ўзгартирадиган авлод бўлиши мумкин.
Тўй ва ундаги катта орзу-ҳавасларни амалга ошириш барчага бирдек осон иш эмас. Бу ҳолатда ўрта қатлам аҳоли йиллар давомида меҳнат қилиб пул йиғиш, шахсий мулки ҳисобланган қимматбаҳо буюмларни сотиш ёки йиллар давомида кредит тўлашга мажбур бўлади.
Шу нуқтаи назардан қараганда, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2025 йил 16 сентябрдаги 589-сонли қарори жамиятдаги айнан мана шундай муаммоларни камайтиришга қаратилган муҳим ижтимоий қарор сифатида баҳоланиши мумкин.
“Оқилона истеъмол” дастури доирасида қабул қилинган ушбу қарор орқали давлат ортиқча исрофнинг олдини олиш, оилаларни иқтисодий босимдан ҳимоя қилиш ва кераксиз расм-русумларни қисқартиришни мақсад қилган. Қарорга кўра, “куёв навкари”, “чорлар”, “ота кўрди”, “сеп ёйди” каби ортиқча харажат талаб қилувчи урф-одатлар тақиқланди.
Бу қарорнинг энг муҳим жиҳати шундаки, у миллий қадриятларга қарши эмас. Аксинча, қадрият номи остида шаклланиб қолган исрофгарчиликни тугатишга қаратилган. Чунки ҳар қандай урф-одат инсон манфаатига хизмат қилиб маънавий мазмун берсагина қадриятга айланади. Аммо инсонни қарзга ботирадиган, руҳий босимга соладиган ва жамиятда тенгсиз муҳит яратадиган одатлар вақт ўтиши билан муаммо келтириб чиқариши табиий.
Бир нарсани тан олиш вақти аллақачон келди. Бугунги ўзбек жамиятида тўйлар аста-секин оилавий бахт байрамидан узоқлашиб, ижтимоий мусобақа ва дабдаба намойишига айланиб бормоқда. Энг ачинарлиси, бу кеча ёки бугун пайдо бўлган муаммо эмас. Аммо орадан шунча вақт ўтганига қарамай, муаммо ҳануз долзарблигича қолмоқда. “Қирқ тоғоранинг қирқ ноғораси” ҳақида бот-бот ваъзлар қилинади, дабдабага қарши фикрлар айтилади, бироқ одамларнинг тафаккури ўзгармаса, бу чақириқларнинг бари ҳавога соврилиб кетаверади.
Чунки ўзгариш жамиятдан эмас, аввало инсоннинг ўзидан бошланади. Тўй кимнидир ҳайратда қолдириш учун эмас, икки инсоннинг бахтини нишонлаш учун ўтказилиши кераклигини англаш вақти келди. Зеро, бугунги ортиқча дабдабозлик ва маъносиз расм-русумларни “анъана” номи билан давом эттириш келажак авлодни ҳам шу тарзда яшашга мажбур қилади. Ваҳоланки, биз фарзандларимизга “кўз-кўз қилиш маданияти”ни эмас, онгли танлов билан яшаш, меъёр ва самимиятни мерос қолдиришимиз керак.
Дилдора ДЎСМАТОВА,
ЎзА