Кадастр соҳасида очиқ мулоқот
Бугунги кунда аҳоли ва тадбиркорларни йиллар давомида қийнаб келаётган муаммоларни жойига чиққан ҳолда ўрганиш, уларнинг қонуний ечимини топиш ва фуқаролар манфаатларини таъминлаш давлат идоралари олдида турган муҳим вазифалардан биридир. Зеро, давлат хизматининг самараси қабул қилинаётган қарорлар билангина эмас, балки уларнинг инсонлар ҳаётида қанчалик амалий натижа бераётгани билан ҳам белгиланади.
Президентимиз Шавкат Мирзиёев ташаббуси билан давлат органлари фаолиятини халққа яқинлаштириш, раҳбарларнинг ҳудудларга чиқиб, аҳоли билан юзма-юз мулоқот қилиши ва мурожаатларга жойида ечим топишига алоҳида эътибор қаратилмоқда. Бу ёндашувнинг муҳим жиҳати шундаки, фуқаро ўз муаммосини ҳал этиш учун идорама-идора сарсон бўлмаслиги, аксинча, масъул раҳбарлар унинг мурожаатини тинглаб, қонуний ечим топишга кўмаклашиши лозим.
Кадастр соҳасида ҳам ана шу тамойил асосида очиқ мулоқотлар ва сайёр қабуллар изчил ташкил этилмоқда. Кадастр агентлиги директори вазифасини бажарувчи Садриддин Турдиевнинг Бухоро вилоятидаги навбатдаги сайёр қабули ҳам аҳоли ва тадбиркорларнинг ер, кадастр ҳамда кўчмас мулк билан боғлиқ муаммоларини ўрганиш, уларнинг ҳуқуқий ечимини таъминлашга қаратилди.
Эътиборли жиҳати шундаки, қабулда нафақат Бухоро вилояти, балки Хоразм, Навоий ва Тошкент вилоятларидан келган фуқаролар ҳам иштирок этишди. Бу эса кадастр соҳасидаги айрим масалалар бир ҳудуд доираси билан чекланиб қолмаслиги, уларни ҳал этишда тизимли ёндашув ва масъул раҳбарларнинг бевосита иштироки муҳимлигини кўрсатади.
Очиқ мулоқот давомида фуқаролар ва тадбиркорлар ўзларини узоқ вақтдан буён қийнаб келаётган масалаларни баён этдилар. Ер участкалари, кўчмас мулк объектлари, кадастр ҳужжатларини расмийлаштириш ва соҳадаги бошқа муаммолар юзасидан билдирилган мурожаатлар атрофлича тингланди.

Муҳими, ҳар бир мурожаатга алоҳида ёндашилиб, кўтарилган масалаларни жойида ўрганишга эътибор қаратилди. Уларни ҳал этиш бўйича масъулларга тегишли топшириқлар берилди. Қўшимча ўрганиш талаб этадиган мурожаатлар назоратга олиниб, айрим масалалар юзасидан фуқароларга амалдаги қонунчилик талаблари асосида ҳуқуқий тушунтиришлар берилди.
Аслида, сайёр қабулларнинг аҳамияти фақат мурожаатларни тинглаш ёки топшириқлар бериш билан чекланмайди. Бундай мулоқотлар орқали муаммоларнинг келиб чиқиш сабабларини аниқлаш, тизимдаги камчиликларни кўриш, давлат хизматлари кўрсатиш жараёнида фуқаролар дуч келаётган тўсиқларни бартараф этиш имкони пайдо бўлади. Айниқса, ер ва кўчмас мулк масалаларида ҳар бир қарорнинг қонунийлиги, очиқлиги ва адолатлилиги фуқароларнинг мулкий ҳуқуқларини таъминлашда муҳим ўрин тутади. Шу маънода, кадастр соҳасида очиқлик ва шаффофликни кучайтириш, мурожаатларга ўз вақтида муносабат билдириш, бюрократик тўсиқларни камайтириш нафақат аҳоли розилигини таъминлаш, балки тадбиркорлик муҳитига ҳам ижобий таъсир кўрсатади. Чунки мулкий ҳуқуқларнинг ишончли ҳимоя қилиниши, ер ва кўчмас мулкка оид ҳужжатларнинг қонуний расмийлаштирилиши иқтисодий фаоллик учун ҳам муҳим асосдир.

Бухорода ўтказилган ушбу сайёр қабул ҳам давлат идоралари ва фуқаролар ўртасидаги мулоқотни мустаҳкамлаш, мавжуд муаммоларни жойида аниқлаш ва уларнинг қонуний ечимини топишга қаратилган амалий ишлардан бири бўлди.
Энг муҳими, халқ билан мулоқот бир марталик тадбир эмас, балки доимий фаолият мезонига айланиши керак. Зеро, ҳар бир мурожаат ортида инсон тақдири, оила манфаати ёки тадбиркорлик фаолияти билан боғлиқ муҳим масала турибди. Уларнинг ўз вақтида ва қонуний ҳал этилиши эса давлат идораларига бўлган ишончни мустаҳкамлашнинг муҳим омилидир.
Зариф Комилов, ЎзА мухбири