Журналистлар учун пресс-тур
ФОТОРЕПОРТАЖ
Наманган вилоятида фаолият юритаётган оммавий ахборот воситалари вакиллари ва блогерлар иштирокида ишлаб чиқариш объектларига пресс-тур ташкил этилди.
Дастлаб иштирокчилар Чуст туманида жойлашган “Siberian wellness Namangan” МЧЖ хорижий корхонасида бўлди. Улар корхона фаолияти, ишчилар учун яратилган шароитлар билан яқиндан танишди. Шунингдек, Варзик адирликлари ўрнида ташкил этилган интенсив боғ кўздан кечирилди. “Наманган” эркин иқтисодий зонасида мева концентрати ишлаб чиқариш лойиҳаси ўрганилди.
Мева-сабзавот етиштириш, қайта ишлаш ва қуйилтирилган олма шарбати ишлаб чиқаришга ихтисослашган мазкур хорижий қўшма корхона 2019 йилда ташкил этилган. Корхона тасарруфидаги интенсив боғда бодом, гилос, олхўри, шафтоли, олма ҳамда узум каби 400 тубдан ортиқ мевали дарахт экилган. Аҳамиятлиси, дарахт кўчатларининг барчаси хориж навлари ҳисобланади. Лойиҳанинг умумий қиймати 10,0 миллион АҚШ доллари бўлиб, тўғридан-тўғри хорижий инвестицияни ташкил этади.
[gallery-15221]
– Боғимизда томчилаб суғориш тизими ўрнатилган, - дейди боғ бошқарувчиси Муҳаммадраҳим Мамажонов. 2020 йил баҳорда кўчат экишни бошлаганмиз. Бу кўчатлар Франция ва Испания давлатларидан олиб келинган. Ҳосилдорлиги баланд ушбу кўчатлар меваси сифати ва таъми бўйича Европа ва Россия бозорлари стандартларига жавоб бера олади. Боғда шафтоли навининг 37 хили парваришланмоқда. Корхонанинг жаҳон стандартларига жавоб бера оладиган “GLOBALG.A.P” сертификати бор. Бу сертификат орқали Европага бемалол экспортни амалга оширяпмиз. Айни пайтда йилига 3,5 минг тонна тайёр мева ҳамда 3 минг тонна мева шарбати ишлаб чиқарилмоқда.
Лойиҳанинг 3-босқичда “Биологик фаол кўшимчалар” ишлаб чиқариш лойиҳаси амалга оширилиб, йиллик 2 миллион банка ёки 120 миллиард сўмлик маҳсулот ишлаб чиқарилиши ҳамда 25 нафар доимий иш ўрни яратилиши режалаштирилган.
Пресс-тур якунида вилоят ҳокимлиги Ахборот хизмати томонидан журналист ва блогерлар билан мулоқот ташкил этилди. Унда оммавий ахборот воситалари ҳамда маҳаллий ҳокимликлар Ахборот хизматлари олдида турган долзарб вазифалар белгилаб олинди.
Ҳотам МАМАДАЛИЕВ (сурат), ЎзА