Журналистлар ижтимоий ҳимоя тизимида амалга оширилаётган ишлар билан танишди
ФОТОРЕПОРТАЖ
Ижтимоий ҳимоя миллий агентлигининг Сурхондарё вилояти бошқармаси томонидан оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирокида Термиз шаҳридаги “Инсон” ижтимоий хизматлар кўрсатиш марказига пресс-тур ва матбуот анжумани ташкил этилди.
Тадбирда аҳолини ижтимоий ҳимоя қилиш соҳасида амалга оширилаётган ислоҳотлар, тизимда жорий этилаётган янги ёндашувлар ҳамда фуқароларга кўрсатилаётган ижтимоий хизматлар бўйича маълумот берилди.
Пресс-тур давомида иштирокчилар марказ фаолияти билан яқиндан танишди. Жумладан, мурожаатларни қабул қилиш ва уларни манзилли ҳал этиш механизмлари, фуқаролар учун яратилган қулай шарт-шароитлар ҳақида атрофлича ахборот берилди. Шунингдек, ижтимоий хизматлар тизимига замонавий рақамли технологияларни жорий этиш, хизматлар самарадорлиги ва сифатини янада ошириш, эҳтиёжманд аҳолини манзилли қўллаб-қувватлаш юзасидан амалга оширилаётган ишлар билан иштирокчилар яқиндан таништирилди.
Шунингдек, Тиббий-ижтимоий эксперт комиссияси фаолияти ҳақида тушунтириш берилди. Хусусан, журналистлар ногиронликни белгилаш жараёнларининг очиқ ва шаффоф тарзда ташкил этилиши, фуқаролар учун яратилаётган енгилликлар, тиббий-ижтимоий хизматлардан фойдаланиш имкониятлари билан танишди.
Тадбир доирасида Медиамарказ фаолияти тақдимоти ҳам ўтказилди. Унда ахборот очиқлигини таъминлаш, жамоатчилик билан самарали мулоқотни йўлга қўйиш, соҳада амалга оширилаётган ишлар ҳақида тезкор ва ишончли маълумотларни етказиш хусусида сўз юритилди.
[gallery-29567]
Сўнг журналист ва блогерлар иштирокида матбуот анжумани ташкил этилди. Унда ҳудудда аҳолини ижтимоий ҳимоя қилиш йўналишида амалга оширилаётган кенг кўламли ишлар, янги имконият ва лойиҳаларни ҳаётга татбиқ этиш борасида амалга оширилаётган чора-тадбирлар ҳақида маълумот берилди. Ижтимоий хизматларнинг манзилли ва самарали ташкил этилиши, эҳтиёжманд оилаларни қўллаб-қувватлаш, ногиронлиги бўлган шахслар учун муносиб шароитлар яратиш, уларнинг жамиятда фаол иштирокини таъминлаш каби масалаларга алоҳида эътибор қаратилди. Шу билан бирга, оммавий ахборот воситалари ва блогерлар билан ҳамкорликни янада мустаҳкамлаш, соҳадаги очиқлик ва шаффофликни таъминлаш юзасидан фикр-мулоҳазалар алмашилди.
Очиқ мулоқот тарзида ўтган тадбирда ОАВ вакиллари ҳамда блогерлар ўзларини қизиқтирган саволларига масъул ходимлардан батафсил жавоб олди.
Жонибек ҚЎЗИМУРОДОВ (сурат), ЎзА