ЖССТ: “Эбола” билан касалланганлар сони 900 дан ошди
Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти бош директори Тедрос Адҳаном Гебрейесус ўзининг ижтимоий тармоқлардаги саҳифасида ҳозирги босқичда “эбола” билан боғлиқ 900 дан ортиқ шубҳали ҳолатлар аниқлангани, жумладан, 101 та ҳолат тўлиқ тасдиқланганини маълум қилди.
Шунингдек, у Конго Демократик Республикасида касалликнинг тарқалишига қарши курашишдаги қийинчиликларни алоҳида таъкидлади. Чунки мамлакатда исёнчилар ва ҳукумат тарафдорлари ўртасидаги жанглар вазиятни ҳал қилишга тўсқинлик қилмоқда.
Аввалроқ, ЖССТ Конго Демократик Республикаси ва Угандада “Бундибугё” вируси келтириб чиқарган “эбола” эпидемияси халқаро миқёсда ташвиш уйғотадиган фавқулодда ҳолат эканлигини билдирган эди.
Таъкидланишича, инфекция ёввойи ҳайвонлардан юқади ва одамларга тарқалади. Дастлабки аломатлар орасида иситма, мушакларнинг қисқариши, бош оғриғи ва томоқ оғриғи бор. Улардан кейин буйрак ва жигар фаолиятининг бузилиши кузатилади ва баъзи ҳолларда ички ва ташқи қон кетиш рўй беради.
С.Раҳимов, ЎзА