Жой номлари — бебаҳо мерос
Баъзан бир қишлоқ номи оддий сўздек туюлади. Аслида эса у минг йиллик тарих, аждодлар ҳаёти, табиат, қадрият ва халқ хотирасини ўзида мужассам этган бебаҳо меросдир. Географик объектлар номлари шунчаки манзилни билдирувчи атама эмас, балки миллатнинг тарихи, маданияти ва маънавиятини келажак авлодларга етказувчи тирик ёдгорлик ҳисобланади.
Сўнгги йилларда мамлакатимизда миллий қадриятларни асраш, тарихий ҳақиқатни тиклаш, маънавий меросга ҳурмат билан ёндашиш давлат сиёсати даражасига кўтарилди. Айниқса, Ўзбекистон Республикаси Президенти томонидан миллий ўзликни англаш, тарихий меросни асраб-авайлаш ва халқимиз қадриятларини келажак авлодларга етказишга қаратилган ислоҳотлар натижасида бугун географик объектларнинг тарихий номларини қайта тиклаш ишлари янги босқичга чиқди.
Бу эзгу саъй-ҳаракатлар Бухоро вилоятида ҳам амалий натижалар бермоқда.
Географик объектларни номлаш ва қайта номлаш масалалари бўйича Бухоро вилояти комиссиясига Жондор туманидан Зарафшон ва Гулзор аҳоли пунктлари номларини ўзгартириш ҳақида мурожаат келиб тушди. Илк қарашда бу таклиф оддий ном алмаштиришдек кўринган бўлса-да, унинг замирида асрлар қаъридан сўзлаётган тарих мужассам экани аниқланди.
Комиссия таркибидаги тарихчи, тилшунос ва географ олимлар томонидан манбалар, архив ҳужжатлари ҳамда маҳаллий аҳоли хотираси чуқур ўрганилди. Натижада аҳолининг талаби тўлиқ асосли экани маълум бўлди.
Маълум бўлишича, “Сепатта” номи уч патта маъносини англатади. “Патта” эса дарё бўйларидаги тўқайзорларда ўсадиган бутасимон ўсимлик номи ҳисобланади. Қадимда қишлоқ айнан Зарафшон дарёсининг эски ўзанидаги паттазор ҳудудида шакллангани учун маҳаллий аҳоли бу жойни “Сепатта” деб атаган.
“Қорахумори” номи ҳам дастлаб эшитганда бошқача маъно уйғотиши мумкин. Бироқ тарихий манбалар ва маҳаллий уламоларнинг маълумотларига кўра, бу ном инсон ҳолати билан эмас, балки ҳудудда машҳур бўлган қадимий узум нави — “Қорахумори” билан боғлиқ. Бир вақтлар Бухоро хонлиги ва амирлиги ҳудудида машҳур бўлган ушбу нав қишлоқ номига ҳам асос бўлган.

Демак, бу ерда гап янги ном қўйиш ҳақида эмас, балки тарихни ўз ўрнига қайтариш ҳақида бормоқда.
Бухоро вилояти ҳокимининг маънавият ва давлат тили масалалари бўйича маслаҳатчиси, вилоят комиссияси масъул котиби, филология фанлари бўйича фалсафа доктори (PhD) Акбар Рустамов таъкидлаганидек, жой номлари муайян ҳудуд тарихи, этногенези, турмуш тарзи ва маданий меросини ўзида акс эттирувчи ноёб тарихий ҳужжатдир.
Афсуски, тарихнинг турли даврларида, айниқса собиқ шўро тузуми йилларида кўплаб қадимий номлар мафкуравий қарашлар таъсирида ўзгартирилди. Минг йиллар давомида халқ тилида яшаб келган номлар ўрнига “Ленин”, “Фрунзе”, “Свердлов”, “Қизил байроқ”, “Коммунизм” каби сунъий атамалар киритилди. Мустақилликнинг дастлабки йилларида ҳам уларнинг ўрнига кўп ҳолларда тарихий номлар эмас, балки “Гулзор”, “Бўстон”, “Роҳат” сингари умумий мазмундаги янги номлар берилди.
2021 йилда “Географик объектларнинг номлари тўғрисида”ги Қонунга киритилган муҳим ўзгартишлар эса бу соҳада ҳақиқий бурилиш ясади. Энди географик объектларга ном беришда маҳаллий аҳоли фикри, тарихий манбалар, илмий асослар ва миллий қадриятларга устувор аҳамият берилмоқда.
Натижада кейинги беш йил давомида Бухоро вилоятида 120 дан ортиқ тарихий ном қайта тикланди.
Бундан ташқари, комиссия томонидан амалга оширилган кенг кўламли хатлов ишлари давомида аввалдан мавжуд бўлиб, расман тасдиқланмаган 1297 та аҳоли пункти, 12 та қишлоқ, 1 та шаҳарча, 16 та хиёбон, 20 та истироҳат боғи, мингдан зиёд қабристон ва зиёратгоҳлар номлари тегишли тартибда давлат реестрига киритилди.
Бугунги кунда мазкур соҳада рақамлаштириш жараёнлари ҳам изчил амалга оширилмоқда. Вилоятда 21 минг 400 га яқин кўчанинг электрон хариталари шакллантирилиб, уларга расмий номлар берилди. Бу эса “Тез ёрдам”, ёнғин хавфсизлиги, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар ҳамда почта ва коммунал хизматларнинг аҳолига тезкор ва сифатли хизмат кўрсатишида муҳим аҳамият касб этмоқда.
Бухоро вилоятидаги географик объектларнинг маъноси ва тарихи ҳақидаги маълумотларни кенг жамоатчиликка етказиш мақсадида “Бухоро вилояти жой номлари изоҳли луғати” ҳам нашр этилди. Бу китоб нафақат олимлар, балки ҳар бир юртдош учун ўз замини тарихи билан яқиндан танишиш имконини берувчи муҳим манбага айланди.
Энг муҳими, бугун давлатимиз раҳбарининг маънавият, миллий қадриятлар ва тарихий меросни асраб-авайлашга қаратаётган юксак эътибори туфайли юртимизда ҳар бир тарихий ном ўз ҳақиқий қийматини қайта топмоқда. Президентимиз ташаббуси билан амалга оширилаётган ислоҳотлар халқимизнинг миллий хотирасини тиклаш, тарихий адолатни қарор топтириш ва аждодлар меросини келажак авлодларга бутунлигича етказишга хизмат қилмоқда.
Зеро, миллат ўз тарихини аввало жой номлари орқали эслайди. Номлар ўзгарса, хотира сусаяди; тарихий номлар тикланса, миллатнинг илдизи янада мустаҳкамланади.
Зариф Комилов, ЎзА мухбири