Жон Ли: Ўзбекистон Марказий Осиёдаги энг муҳим стратегик ҳамкорларимиздан бири
Жаҳон иқтисодиётида янги транспорт йўлаклари, молиявий марказлар ва минтақавий ҳамкорлик форматлари тобора муҳим аҳамият касб этаётган бугунги шароитда Марказий Осиё мамлакатлари халқаро бизнес ҳамжамияти диққат марказига айланмоқда. Айниқса, сўнгги йилларда амалга оширилаётган иқтисодий ислоҳотлар, инвестиция муҳитининг яхшиланиши ва ташқи сиёсатдаги очиқлик сиёсати Ўзбекистоннинг халқаро шериклар учун жозибадорлигини сезиларли даражада оширмоқда.
Гонконг махсус маъмурий ҳудуди раҳбари Жон Лининг Марказий Осиёга ташрифи доирасида Ўзбекистон ҳақида билдирган фикрлари ҳам мамлакатимизга бўлган қизиқишнинг ортиб бораётганини яна бир бор тасдиқлади.
– Аввало, Ўзбекистон ҳукуматига бизга кўрсатилган самимий меҳмондўстлик ва ташриф дастурининг юксак даражада ташкил этилгани учун миннатдорлик билдираман. Шунингдек, Хитойнинг Ўзбекистондаги элчихонаси жамоасига ҳам қўллаб-қувватлагани учун алоҳида раҳмат айтаман.
Ўзбекистон Марказий Осиёда аҳоли сони бўйича энг йирик давлат бўлиб, минтақанинг энг жадал ривожланаётган иқтисодиётларидан бири ҳисобланади. Сўнгги йилларда мамлакат ялпи ички маҳсулотининг ўсиш суръати 5 фоиздан юқори даражада сақланиб келмоқда. Бу эса Ўзбекистонни Гонконг учун Марказий Осиё бозорига чиқишда муҳим ҳамкорга айлантирмоқда.
[gallery-29792]
Ташрифимизнинг илк кунида Ўзбекистон ташқи ишлар вазири Бахтиёр Саидов билан учрашдик. Учрашув якунлари бўйича икки томонлама визасиз режимни жорий этиш тўғрисида келишув имзоланди. Унга кўра, ҳар икки томон фуқаролари 30 кунгача визасиз саёҳат қилиш имкониятига эга бўлади. Ҳозирда ушбу келишувни тез фурсатларда амалга ошириш бўйича зарур чоралар ишлаб чиқилмоқда.
Шунингдек, Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев, Бош вазир Абдулла Арипов, Президент маслаҳатчиси Шухрат Вафоев ва Бош вазир ўринбосари Жамшид Хўжаев билан ҳам музокаралар ўтказдик. Уларда молия, савдо, авиация ва бошқа қатор соҳаларда ҳамкорликни кенгайтириш бўйича ўзаро англашувга эришилди.
Биз Ўзбекистон ишбилармон доиралари билан ҳам фаол мулоқот ўрнатмоқдамиз. Гонконг Савдони ривожлантириш кенгаши ва Савдо-саноат палатаси иштирокида ўтказилган бизнес-форум мамлакатларимиз ўртасида янги инвестиция ва савдо лойиҳалари учун муҳим майдон бўлди.
Ташриф доирасида Ўзбекистон IT Park фаолияти билан ҳам танишдик. Рақамли технологиялар вазири Шерзод Шерматов билан учрашув ҳам инновациялар соҳасида ҳамкорлик имкониятларини муҳокама қилишга хизмат қилди.
Жон Лининг таъкидлашича, Марказий Осиё сафари учта асосий мақсадни кўзлаган: янги бозорларни ўзлаштириш, ҳукуматлараро алоқани мустаҳкамлаш ҳамда “хабдан-хабга” ҳамкорлик моделини шакллантириш.
Унинг маълум қилишича, 70 дан ортиқ Гонконг ва Хитой компаниялари вакилларидан иборат делегация Қозоғистон ва Ўзбекистонга ташриф буюрган ва 20 дан зиёд тадбирда иштирок этган.
– Ташриф давомида Қозоғистон ва Ўзбекистон билан жами 96 та ҳамкорлик меморандуми ва англашув ҳужжати имзоланди. Улардан молиявий қиймати аниқ белгиланган лойиҳаларнинг умумий ҳажми 1,65 миллиард АҚШ долларидан ошади.
Ўзбекистон билан ҳамкорлик доирасида муҳим қарорлардан яна бири мамлакатнинг Гонконгда Бош консулхона очиш режаси бўлгани қайд этилди.
Шунингдек, томонлар икки томонлама солиқ солишнинг олдини олиш, инвестицияларни ўзаро ҳимоя қилиш тўғрисидаги битимлар бўйича музокарани бошлашга келишиб олган. Божхона соҳасида эса ваколатли иқтисодий операторларни ўзаро тан олиш механизмини жорий этиш режалаштириляпти.
Гонконг Савдони ривожлантириш кенгаши раиси Питер Лам ҳам ташриф якунларини юқори баҳолади.
– Бош ижрочи раҳбарнинг мазкур ташаббуси туфайли кўплаб янги бизнес имкониятлари очилди. Қозоғистон ва Ўзбекистонда йирик лойиҳалар бўйича амалий музокаралар бошланди. Масалан, айрим компаниялар Ўзбекистонда фармацевтика маҳсулотлари ишлаб чиқариш заводларини қуриш ҳамда маҳаллий хомашё асосида анъанавий Хитой тиббиёти маҳсулотларини тайёрлаш лойиҳаларини муҳокама қилмоқда.
Дилшод Ҳакимов,
Сарвар Ўрмонов (сурат),
ЎзА