Жон Ҳаддад: Ўзбекистон эришган натижаларни юқори баҳолаймиз (+видео)
Аввал хабар берилганидек, жорий йилнинг 22-26 июнь кунлари “Ўзатом” агентлигида Халқаро атом энергияси агентлиги (МАГАТЭ)нинг миллий ядро инфратузилмасини комплекс баҳолаш (INIR) бўйича иккинчи босқич кузатув миссияси фаолият юритди.
Миссия якунида ХАЭА халқаро экспертлар гуруҳи раҳбари Жон Ҳаддад иштирокида брифинг ўтказилди.
Унда миссия раҳбари оммавий ахборот воситалари вакиллари саволларига қуйидагича жавоб берди:
– Халқаро атом энергияси агентлиги ядровий энергиядан тинч мақсадларда фойдаланишни қўллаб-қувватлаш мақсадида ташкил этилган. Шу боис, агентлик аъзо давлатларга ядровий технологиялардан хавфсиз ва самарали фойдаланиш учун зарур салоҳият, билим ва тажрибани шакллантиришда кўмаклашади.
Атом энергетикаси ҳам МАГАТЭнинг Ўзбекистон билан кўп йиллардан буён ҳамкорлик қилиб келаётган устувор йўналишларидан бири ҳисобланади. Агентлик ядровий энергетика дастурини амалга ошириш бўйича аъзо давлатлар билан ҳамкорликда махсус ёндашув ишлаб чиққан бўлиб, унга мувофиқ мазкур жараён уч босқич ва учта асосий маррани ўз ичига олади.
Ҳар бир босқичда мамлакат ядровий дастурни изчил ва тизимли ривожлантириши учун ҳал этилиши лозим бўлган 19 та инфратузилма йўналиши белгиланган. Мазкур йўналишлар бўйича амалга оширилган ишларни баҳолаш ҳамда давлатларни қўллаб-қувватлаш мақсадида МАГАТЭ INIR миссияларини ташкил этади.
2021 йилда ўтказилган биринчи INIR миссияси Ўзбекистоннинг ядровий дастурга тайёргарлик даражасини баҳолаб, қўшимча чоралар кўриш зарур бўлган соҳаларни аниқлаб берган эди. Шундан сўнг МАГАТЭнинг Интеграциялашган иш режаси (Integrated Work Plan) доирасида Ўзбекистонга 19 та инфратузилма йўналишининг барчаси бўйича кенг кўламли техник ва маслаҳат ёрдами кўрсатилди.
Бу галги иккинчи миссиянинг асосий мақсади эса 2021 йилда берилган тавсиялар ижроси бўйича эришилган натижаларни баҳолашдан иборат бўлди. Унинг якунлари келгусида қайси йўналишларга устувор эътибор қаратиш лозимлигини белгилашга хизмат қилади.
Биз Ўзбекистон билан ҳамкорликни изчил давом эттириш тарафдоримиз. Бу, аввало, мутахассислар салоҳиятини ошириш, ўқув курслари ва халқаро тадбирларда иштирок этиш, шунингдек, дастурнинг учинчи босқичи – лицензиялаш, қурилиш ва эксплуатацияга тайёргарлик жараёнлари учун зарур баҳолаш миссияларини амалга оширишни назарда тутади. Бу ишлар мамлакатнинг атом энергетикаси соҳасида хавфсиз ва самарали фаолият юритишга тайёргарлигини янада мустаҳкамлайди.
Биринчи INIR миссиясидан кейин Ўзбекистоннинг ядровий инфратузилмани ривожлантириш ва берилган тавсияларни амалга ошириш борасида эришган натижаларига тўхталадиган бўлсак, уларни юқори баҳолаймиз.
Миссия очиқ ва конструктив ҳамкорлик руҳида ўтди. Экспертлар Ўзбекистон томонидан кўрсатилган фаол ҳамкорлик ҳамда тақдим этилган маълумотларни юқори баҳолади. Дастлабки хулосалар мамлакат биринчи миссияда берилган тавсия ва таклифларни амалга оширишда сезиларли натижаларга эришганини кўрсатмоқда.
Айни пайтда қўшимча эътибор талаб қиладиган айрим йўналишлар ҳам мавжуд. Биз мазкур соҳаларда ҳам Ўзбекистонни қўллаб-қувватлашга тайёрмиз.
Миссия давомида манфаатдор томонлар билан мулоқот масаласига ҳам алоҳида эътибор қаратилди. Давлат органлари, қонун чиқарувчилар, кенг жамоатчилик, келгусида эса оператор ташкилотлар, ядровий назорат органлари, етказиб берувчилар, маҳаллий аҳоли ва қўшни мамлакатлар билан очиқ ҳамда самарали ҳамкорлик ядровий дастурнинг муваффақиятли амалга оширилишида ҳал қилувчи аҳамиятга эга.
2021 йилда берилган тавсиялар асосида Ўзбекистон миллий ва институционал даражада барча манфаатдор иштирокчилар билан ишлаш бўйича режа ва стратегияларни ишлаб чиққанини муҳим ютуқ деб ҳисоблаймиз. Шу билан бирга, ушбу механизмларни янада такомиллаштириш ҳамда ташкилотлар ўртасидаги мувофиқлаштиришни кучайтириш мақсадга мувофиқ.
Шунингдек, Ўзбекистоннинг халқаро ядровий соҳадаги истиқболлари ҳам юқори аҳамиятга эга. Мамлакат етказиб берувчи давлатлардан ташқари ҳудудларда кичик модулли реакторлар (SMR) қуришни режалаштираётган саноқли давлатлардан бири ҳисобланади.
Мазкур лойиҳани амалга ошириш жараёнида тўпланадиган амалий тажриба бошқа давлатлар учун ҳам муҳим аҳамият касб этади. Шу боис, Ўзбекистонни МАГАТЭ тадбирларида фаол иштирок этиш ва ўз тажрибасини халқаро майдонда бўлишишга чақирамиз. Фикримизча, айнан шу тажриба келгуси 10-15 йил ичида Ўзбекистонни кичик модулли реакторлар бўйича халқаро ҳамкорлик ва тажриба алмашиш жараёнларида фаол иштирок этувчи мамлакатлардан бирига айлантириши мумкин.
<iframe width="650" height="420" src="https://www.youtube.com/embed/GlHxtYqgZXE" title="Aholi va qishloq xo‘jaligini ro‘yxatga olish tadbirining dastlabki natijalari" frameborder="0" allow="accelerometer; autoplay; clipboard-write; encrypted-media; gyroscope; picture-in-picture; web-share" referrerpolicy="strict-origin-when-cross-origin" allowfullscreen></iframe>Насиба Зиёдуллаева, Анвархўжа Аҳмедов (видеомонтаж), ЎзА