Жиззахлик тиббиётчилар республика мусобақаси йўлланмаси учун куч синашди
Жиззахда 250 нафар тиббиёт ходими спортнинг тўрт тури бўйича ғолиблик учун куч синашди. Вилоят босқичида биринчи ўринни эгаллаган иштирокчилар Тошкент шаҳрида ўтадиган республика мусобақасида ҳудуд шарафини ҳимоя қилади.
Жиззах политехника институти спорт мажмуасида Ўзбекистон Республикаси соғлиқни сақлаш вазири ҳамда Ўзбекистон Соғлиқни сақлаш ходимлари касаба уюшмаси Республика кенгаши раиси кубоклари учун мусобақанинг вилоят босқичи бўлиб ўтди. Унда саралаш баҳсларида ғолиб чиққан тиббиёт ходимлари иштирок этди.


Беллашувлар мини-футбол, стол тенниси, шахмат ва шашка бўйича ўтказилди. Жамоавий ҳамкорлик ва чаққонлик талаб этилган спорт турлари, шунингдек, диққат ва мантиқий фикрлашга асосланган баҳслар иштирокчилардан маҳорат ва қатъият талаб қилди.


Мусобақа нафақат ғолибларни аниқлади, балки тиббиёт ходимлари ўртасида соғлом турмуш тарзини тарғиб этиш, ҳамжиҳатлик ва жамоавий руҳни мустаҳкамлашга ҳам хизмат қилди.

Энди вилоят босқичида биринчи ўринни қўлга киритган ғолиблар республика босқичида Жиззах шарафини ҳимоя қилади.
Абдужалол Қаюмов,
ЎзА мухбири