Жиззахлик тамакифурушнинг сирли захираси фош этилди
Жиззах шаҳрида акциз маркаси билан белгиланмаган тамаки маҳсулотларининг ноқонуний муомаласига чек қўйишга қаратилган тезкор тадбир натижасида қонунга хилоф равишда сақланаётган йирик миқдордаги маҳсулотлар аниқланди.
Бош прокуратура ҳузуридаги Департаментнинг Жиззах вилояти бошқармаси ҳамда бошқа ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар ходимлари ҳамкорлигида ўтказилган тезкор тадбир давомида фуқаро М.Б.нинг (муқаддам судланган) фаолиятига ойдинлик киритилди.
Хусусан, у Жиззах шаҳридаги “Раваллиқ” МФЙ ҳудудида жойлашган хонадонида хорижий давлатларда ишлаб чиқарилган тамаки маҳсулотларини ўтказиш мақсадида сақлаб келгани аниқланди.

Текширув чоғида умумий баҳоси 46 миллион 700 минг сўмлик, 6 турдаги 1970 қути акциз маркасиз тамаки маҳсулотлари ашёвий далил сифатида олинди.
Мазкур ҳолат ноқонуний тамаки маҳсулотларининг муомаласига қарши курашиш, айниқса, уларни белгиланган тартибда акциз маркаси билан таъминламасдан сақлаш ва ўтказишга йўл қўймаслик борасидаги назорат тадбирларининг аҳамиятини яна бир бор кўрсатмоқда.
Аниқланган ҳолат юзасидан Жиноят кодексининг тегишли моддалари билан жиноят ишлари қўзғатилган. Айни пайтда иш бўйича зарур тергов ҳаракатлари ўтказилмоқда.
Абдужалол Қаюмов, ЎзА мухбири