Жиззахлик талабалар референдумга фаол қатнашади
Жиззах шаҳридаги “Sambhram” университети ҳовлисида “Ўзбекистон – ёшлар мамлакати” шиори остида жорий йилнинг 30 апрелида ўтадиган референдумга бағишлаб маънавий-маърифий тарғибот тадбири бўлиб ўтди.
Унда вилоятда фаолият юритаётган 5 та олий таълим муассасаларининг профессор-ўқитувчилари ва талаба-ёшлари ҳамда кенг жамоатчилик вакиллари иштирок этди.
Конституция бу бизнинг шаънимиз, қадр қимматимиз, мамлакат ривожи, эртанги истиқболи учун хизмат қиладиган нормалар мажмуидир.
Янгиланаётган Бош қомусимиз юрт ривожи, халқ фаравонлиги, кўп миллатли ўзбекистонликларнинг тинч ва фаровон турмуш кечириши, юртни тараққий этиши учун керак бўлган зарур жиҳатлар унинг моддаларида ўз аксини топган.
Янгиланётган Конституциямизда давлат тузилишини, ҳокимият ва бошқарув органлари тизимини, уларнинг ваколати ҳамда шакллантирилиш тартиби, сайлов тизими, фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликлари, жамият ва шахснинг ўзаро муносабатлари кенг маънода ойдинлаштирилган. Шунингдек, суд тизимини ҳамда давлат ва жамиятнинг ўзаро муносабатларини аниқ белгилаб беради.
Ўзбекистон Республикасининг амалдаги Конституциясидаги моддалар сони 128 та бўлган бўлса, янги Қомусда уларнинг сони 155 тани ташкил этиб, ундаги нормалар эса 275 тадан 434 тага оширилмоқда. Қисқача изоҳ берганда, амалдаги Конституциямизнинг 65 фоизига ўзгартиришлар киритилмоқда. Бу қомусдаги катта ислоҳотни англатади.
Вилоятидаги фаол талаба-ёшларни ягона мақсад йўлида бирлаштирган тадбирда янгиланаётган Бош Қомусимизда амалга оширилган ўзгаришлар ва уларнинг мазмун-моҳияти хусусида бир қатор фикр мулоҳазалар билдирилди.
– Кўп йиллардан буён болалар шифокори бўлиб ишлайман, – дейди Жиззах вилояти болалар шифохонаси бош шифокори, Сенатор Холида Алимова. – Авваллари вилоятимизда мураккаб жарроҳлик амалиётларини ўтказиб бўлмасди. Бунга шароит йўқ эди. Кейинги бир неча йил давомида Жанубий Кореядан юқори малакали мутахассислар келиб вилоят болалар шифохонамизда 30 та мураккаб жарроҳлик амалиётини амалга оширди. Бу маҳаллий шифокорлар учун ўзига хос маҳорат мактабини ҳам ўтади. Ҳозир бу жарроҳлик амалиётлари ўзимизда бажарилмоқда. Бу билан нима демоқчиман, инсон омили, унинг саломатлигига алоҳида эътибор қаратилган янгиланган Конституциямиз учун ўтадиган референдумда барчагизни фаол иштирок этишга ва овоз беришга чорлайман.
Шунингдек, тадбир давомида Жиззах шаҳридаги 7-сонли макатаб директори Эргаш Жабборов, Америка Қўшма Штатларидаги университет талабаси, бахмаллик Ҳосилмурод Абдухолиқов, республика пойтахтидан таклиф этилган таниқли актёр Алишер Узоқов ва бошқалар янгиланаётган Конституциямизга киритилаётган қўшимча ва ўзгартиришлар халқимизнинг турмуш тарзини янада юксалтиришга, инсон қадрини ошириб, Ватанимизни янги босқичда изчил ривожлантиришга хизмат қилишини қайд этиб, барчани Конституциявий қонун лойиҳаси бўйича ўтказиладиган референдумда фаол иштирок этишга чақирди.
Элимиз суйган санъаткорлар ижросидаги концерт-шоу тадбир иштирокчиларига хуш кайфият улашди. Конституциявий қонун лойиҳаси бўйича тарғибот тадбирлари вилоятнинг бошқа ҳудудларида ҳам ўтказилмоқда.
А.ҚАЮМОВ, ЎзА