Жиззахлик фидойилар
Жиззах вилоятининг шаҳар ва туманларида аномал совуқ ва умуман қиш мавсумини беталафот ўтказиш мақсадида ташкил этилган штаб туну-кун ишлаб турибди.
Совуққа қарамасдан аҳолини табиий газ ва электр таъминотида юзага келаётган узилишлар, носозликларни бартараф этаётган газ, электр ва бошқа соҳа мутахассисларидан ташкил топган махсус бригада масъуллари бугунги кунимизнинг ҳақиқий қаҳрамонлари, десак муболаға бўлмайди.

Фориш туман ҳокимлиги қошида ташкил этилган “Тезкор штабга” “Қўлба” маҳалла фуқаролар йиғини ҳудудидаги “Михин” қишлоғи аҳолиси томонидан қўнғироқ қилиниб, кечаси бўлган кучли совуқ натижасида табиий газ тармоғида узилиш рўй бергани ҳақида хабар берди.
Штабдан ушбу хабарни олган “Форишгазтаъминот” туман корхонасининг таъмирлаш бригадаси аъзолари жойига етиб бориб, тармоқдаги узилишни тўлиқ бартараф этди.
* * *
Зарбдор тумани ҳудудида тунда ҳаво ҳарорати – 24 даражага тушиб, кескин совиб кетиши оқибатида Бўстон шаҳарчаси, “Янгикент” ва “Нурафшон” маҳалла фуқаролар йиғинига табиий газ етказиб берувчи қувур ёрилган.

Мазкур муаммо “Тезкор штаб” томонидан мутасаддиларга етказилиб, “Зарбдоргазтаъминот” туман бўлими ва ишчи гуруҳи томонидан жойида бартараф этилди, аҳолига табиий газ етказиб берилиши тикланди.
* * *
Ярим тунда Дўстлик тумани “Боғзор” маҳалла фуқаролар йиғини ҳудудидаги юқори босимли газ қувурида ёрилиш юз бериб, истеъмолчиларга табиий газ таъминотида узилиш рўй бергани ҳақида “Тезкор штаб” хабардор қилинади.

Кўрилган чора-тадбирлар натижасида тунда “Дўстликгазтаъминот” корхонаси махсус бригадаси газ қувурида юзага келган муаммони бартараф этди.
Тонги соат 6:00 дан бошлаб “Боғзор”лик истеъмолчиларига табиий газ тўлиқ етказиб берилди.
А.Қаюмов, Ж.Ёрбеков (сурат), ЎзА