Жиззахда – “Китобхонлик фестивали”
Жиззах вилояти Болалар кутубхонаси томонидан шаҳардаги Sambhram университетининг тадбирлар залида “Китобхонлик фестивали” доирасида ўтказилган танлов ғолибларини тақдирлаш маросими бўлиб ўтди.
– Кейинги 6-7 йил давомида ёшлар орасида китоб мутолаасига бўлган эътибор, китобхонлик танловлари ва умуман китобхонлик масаласига ҳукумат миқёсида эътибор қаратилиб келинмоқда, – дейди Жиззах вилояти Болалар кутубхонаси директори Анвар Юлдашев. – Буни кутубхонамизда болажонлар учун яратилган шарт-шароитлар ва имкониятлар ҳам яққол исботлаб турибди.
[gallery-18492]
2019 йилнинг 19 мартида Юртбошимиз раҳбарлигида ўтказилган видеоселектор йиғилиш баённомаси ҳамда 2019 йил 30 сентябрдаги “Халқ таълими тизимидаги мактабдан ташқари таълим самарадорлигини тубдан ошириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорида белгиланган вазифалар ижросини таъминлаш ҳамда ўқувчи-ёшлар ўртасида китоб мутолааси ва китобхонликни ривожлантириш мақсадида Жиззах вилояти болалар кутубхонаси томонидан “Китобхонлик фестивали” доирасида “Энг фаол китобхон ўқувчи”, “Энг намунали мактаб кутубхонаси”, “Китобхон оила”, “Йилнинг энг нуроний китобхони”, “Онлайн танловларнинг энг фаол китобхони” танловлари ўтказилди.
Ўтказилган танловлар ўқувчи-ёшларни китобсеварлик ва китобхонликка ундаш билан бир қаторда жойларда, ҳудудларда бу борадаги тарғибот ишларида уларнинг ҳам фаоллигини оширади. Жиззах вилояти болалар кутубхонаси томонидан “Китобхонлик фестивали” доирасида ўтказилган ушбу танловлар ғолиблари вилоят мактабгача ва мактаб таълими бошқармасининг дипломи ва вилоят болалар кутубхонасининг қимматбаҳо совғалари билан тақдирланди.
А.Қаюмов, Ж.Ёрбеков (сурат), ЎзА.