Жиззахда чемпионлар сараланмоқда
“Президент Олимпиадаси” ёшлар орзусига қанот бағишлаяпти
Жиззах вилоятида “Янги Ўзбекистон — Олимпия чўққилари” спорт мусобақалари доирасида ўтказилаётган “Президент Олимпиадаси” нинг II босқичи — “Ҳоким Олимпиадаси” баҳслари ёш спортчиларнинг иқтидори, иродаси ва ғалабага чанқоқлигини яна бир бор намоён этди. Вилоятнинг шаҳар ва туманларидан саралаб олинган ўғил-қизлар бир неча спорт турлари бўйича ўзаро куч синашиб, келажак чемпионлари айнан маҳалла ва ҳудудлардан етишиб чиқишини амалда исботлашмоқда.

Мамлакатимизда спортни оммалаштириш, иқтидорли ёшларни эрта аниқлаш ва уларни катта спортга йўналтириш бўйича мутлақо янги тизим шакллантирилмоқда. Бу борада Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2024 йилда қабул қилинган “Янги Ўзбекистон Олимпия чўққилари” спорт мусобақаларини ташкил этишга доир қарори асосида уч босқичли мусобақалар тизими жорий этилди. Унга мувофиқ, туман ва шаҳар босқичларида сараланган ёшлар вилоят босқичида беллашиб, энг кучли спортчилар республика финали — “Президент Олимпиадаси” йўлланмаси учун курашмоқда. Жиззах шаҳридаги “Кибер арена” спорт мажмуаси ва Олимпия ҳамда паралимпия спорт турларига тайёрлаш марказида ўтказилган мусобақалар ана шу эзгу мақсадларнинг амалий ифодасига айланди. Қиличбозлик бўйича баҳслар айниқса муросасиз кечди.

Сабля йўналишида ёш спортчилар нафақат техник маҳорати, балки матонати ва иродасини ҳам намоён этишди. Ўғил болалар ўртасида Рўзимурод Шакаров чемпионликни қўлга киритган бўлса, Нуриддин Тошпўлатов иккинчи, Бекжаҳон Жўраев ҳамда Абдулла Сайдиевлар учинчи ўринни эгаллашди. Қизлар баҳсида эса Моҳинур Қаршибоева ғолиблик шоҳсупасига кўтарилди. Шунингдек, Бону Яхшиликова, Интизор Абдумаликова ва Лобар Каримовалар ҳам совриндорлар сафидан жой олишди.

Бокс мусобақалари эса ҳақиқий ирода ва жасорат майдонига айланди. Ўнта вазн тоифасида кечган финал жангларида ёш чарм қўлқоп усталари ғалаба учун шиддатли кураш олиб боришди. Ҳар бир учрашувда спортчиларнинг пухта тайёргарлиги, жанговар руҳи ва юқори маҳорати яққол кўзга ташланди. Оғир атлетика ва парапауэрлифтинг баҳслари ҳам спортсеварларда катта қизиқиш уйғотди. Саккизта вазн тоифасидаги беллашувларда иштирокчилар ўз имкониятларини синовдан ўтказиб, янги натижалар сари интилишди. Бу мусобақалар нафақат жисмоний куч, балки сабр-тоқат ва қатъият синови бўлди.

Стол тенниси мусобақаларида ҳам рақобат юқори даражада кечди. Чаққонлик, тезкор фикрлаш ва аниқ ҳисоб-китоб талаб этадиган баҳсларда ёш спортчилар ўз иқтидорларини намоён этиб, келажакда катта ареналарда юртимиз шарафини ҳимоя қилишга муносиб эканликларини кўрсатишди. Мусобақаларнинг очилиш ва тақдирлаш маросимларида Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати Назира Мухторова, вилоят ҳокими ўринбосари Гулнора Нормуродова, спорт федерациялари ва соҳа мутасаддилари иштирок этишиб, ёшларга омад ва зафарлар тилашди. Улар мамлакатимизда спорт соҳасида амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотлар натижасида ҳар бир ҳудудда янги иқтидорлар камол топаётганини алоҳида таъкидладилар.

Абдужалол Қаюмов, ЎзА