Жиззах замонавий шаҳарга айланади
Жиззах вилояти маркази – Жиззах шаҳрида замонавий урбанистик ривожланиш – “Дизайн код”, “Фазовий режалаштириш” ва “Транспорт модели” пилот лойиҳаларини амалга ошириш ишларига алоҳида эътибор қаратилмоқда.
Шаҳар урбанизацияси жамият тараққиётида шаҳарларнинг ролини ошириш жараёни ҳисобланиб, нафақат шаҳарни режалаштириш, балки замонавий шаҳар маконларини ривожлантиришда марказий рол ўйнайдиган, одамлар яшаши учун қулай, функционал ва барқарор муҳитни яратишга қаратилган бутун бир ҳудуддир.
Урбанистик ривожланишда турли соҳалардаги билимлар бирлаштирилиб, архитектура, экология, социология, иқтисод ва муҳандислик фанлари замонавий муаммоларни ҳал қила оладиган ва барча фуқаролар учун қулайлик ва ҳаёт сифатини таъминлайдиган самарали ва барқарор шаҳар тизимларини яратиш демакдир.
Бугунги кунда шаҳарсозликнинг аҳамиятини ортиқча баҳолаш қийин, чунки у транспортдан фойдаланиш имкониятини яхшилаш, яшил ҳудудларни яратиш, тураржой ҳудудларини оптималлаштириш, ногиронлар учун хавфсиз ва қулай муҳит яратиш, шунингдек, шаҳарнинг тарихий мероси ва маданий қадриятларини сақлаш каби муаммоларни ҳал қилишга қаратилади.
Замонавий урбанизм нафақат шаҳар муҳитини эстетик жиҳатдан яхшилашга, балки аҳолининг барча тоифалари учун қулай ва хавфсиз муҳитни яратишга эътибор қаратиб, фуқароларнинг ҳаёт сифатини яхшилашга интилади.
Давлатимиз раҳбарининг 2019 йил 10 январдаги “Урбанизация жараёнларини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармони ижроси доирасида Жиззах шаҳрида ҳам бир қатор самарали ишлар амалга ошриб келинмоқда.
Шаҳарни “Фазовий режалаштириш”, “Дизайн код” ва “Транспорт модели” каби пилот лойиҳаларни хорижий лойиҳа ташкилотлари ва консултантлар иштирокида ишлаб чиқиш топшириғи берилган. Ушбу лойиҳалар “Aгробанк” AТБ ҳомийлик маблағлари ҳисобидан босқичма-босқич амалга оширилишга киришилганини ҳам таъкидлаб ўтиш жоиз. Бугунги кунда вилоятда шаҳар инфратузилмасини модернизация қилиш, замонавий урбанистик ечимларни жорий этиш бўйича муҳим ташаббуслар олиб борилаётгани эса алоҳида таҳсинга лойиқ.
Ана шу мақсадда Иқтисодиёт ва молия вазирлиги, “Aгробанк” AТБ, Жиззах вилоят ҳокимлиги ҳузуридаги лойиҳа офиси, архитектура ва қурилиш бошқармаси масъуллари ҳамда Жиззах шаҳар ҳокимлиги вакиллари иштирокида Малайзиянинг нуфузли “APUDG SDN BHD” лойиҳа компанияси билан музокаралар ўтказилди.
Унда Жиззах шаҳрининг “Дизайн код” лойиҳаларини босқичма-босқич ишлаб чиқиш масалалари атрофлича муҳокама қилинди. Мазкур лойиҳалар шаҳарни замонавий меъёр ва талаблар асосида ривожлантириш, ягона архитектура концепциясини шакллантиришга хизмат қилади.
Шаҳарсозлик ва режалаштириш соҳасида катта тажрибага эга бўлган “ APUDG SDN BHD” компанияси тўғридан-тўғри “Aгробанк” AТБ ҳомийлигида лойиҳа ишларига жалб қилинмоқда. Бу эса, ушбу пилот лойиҳалар ишини янада тезкор олиб бориш ва халқаро тажрибани маҳаллий шароитга мослаштириш имконини беради. Пилот лойиҳаларнинг изчил жорий этилиши Жиззах шаҳрининг жадал ва барқарор ривожланишига хизмат қилади.
Ушбу пилот лойиҳаларнинг амалга оширилиши натижасида аҳолига янада қулай, замонавий ва эстетик муҳитга эга шаҳар майдонлари яратилади.
А.Қаюмов, ЎзА мухбири