Жиззах вилояти янгиликлари – қисқа сатрларда
Жиззах вилоятида аҳоли ва банк тизимидаги мавжуд муаммолар, коррупциянинг олдини олиш, муаммоли кредитлар қайтарилишидаги мавжуд масалаларни муҳокама қилишга бағишланган очиқ мулоқот бўлиб ўтди.
Унда вилоят ҳокимлиги котибият мудири Ш.Камалов, Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратураси бошқарма бошлиғи А.Тоғаймуродов, Ўзбекистон Республикаси Марказий банки департамент мудири Ш.Қувваталиев, Бизнес-омбудсман вилоят сектор раҳбари С.Усманов ҳамда Марказий банк ва тижорат банклари раҳбарлари томонидан мазкур масалалар танқидий руҳда кўриб чиқилди.

Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлигининг шу йил 23 майдаги “Туман (шаҳар) ички ишлар органлари профилактика инспекторларининг касбий, жисмоний ва жанговар тайёргарлигини янада ошириш бўйича ўқув йиғинларини ташкил этиш тўғрисида”ги фармойиши асосида ички ишлар органларининг бир гуруҳ профилактика инспекторлари ўқув курсларида иштирок этмоқда.
Шароф Рашидов туманидаги ҳарбий қисмда давом этаётган ўқув давомида қонун устуворлиги ва қонунийликни таъминлаш, жазони ўтаб бўлган шахсларнинг меҳнат, ижтимоий таъминот ва халқаро эътироф этилган бошқа ҳуқуқларини ҳимоя қилиш орқали уларнинг ижтимоий мослашувига кўмаклашиш бўйича билим ва малакалари ошириляпти.

Болажонларни қизиқарли ҳикоялар, шеърлар ва эртаклар оламига етаклаб, уларни эркин фикрлашга ўргатиш, дунёқарашини кенгайтириш, эртаклар орқали адабиётга бўлган меҳрини болаликдан шакллантириш мақсадида Зомин туман мактабгача таълим бўлими томонидан “Китоблар оламига саёҳат” ҳафта мавзуси асосида “Бувижоним эртаклари” номли “Ўзбек халқ эртаклари – китоблар кўргазмаси” ташкил этилди.
Халқ оғзаки ижодининг энг бетакрор жанрларидан бири бўлган эртаклар фарзандларимизни кенг дунёқарашли, одобли, меҳнатсевар бўлиб улғайишларида муҳим ўрин тутади.

“Jizzax HЕTK” АЖ тасарруфидаги Зарбдор туман электр таъминоти корхонаси ходимлари томонидан “Обод қишлоқ” ва “Обод маҳалла” дастури доирасида “Адиробод” маҳалла фуқаролари йиғинида жойлашган аҳоли хонадонларига сифатли электр энергияси етказиб бериш учун 60 дона янги темир-бетон таянчлар ўрнатилмоқда ва 1 километр SIP кабел тортилмоқда.
Қолаверса, юклама билан ишлаётган трансформаторларга қўшимча 2 дона янги трансформатор қўйиш ҳам режалаштирилган. Амалий ишлар давом этмоқда.

Дўстлик туманидаги “Ёшлар инновацион майдони”да 30 июль – Халқлар дўстлиги куни муносабати билан дўстлик байрам фестивали бўлиб ўтди.
Фестивалда туманда бир-бирлари билан аҳил, бир тан бир жон бўлиб яшаб келаётган ўн олти миллат вакилларидан иборат тўрт мингга яқин кекса-ёш иштирок этди.
Тадбирда ўзбек, қирғиз, рус, тожик ва бошқа миллатларга хос ашула ҳамда рақсларни фестиваль иштирокчилари олқишлар билан кутиб олди.
Бу йил Ўзбекистонда иккинчи бор ўтказилаётган “Халқлар дўстлиги куни” эл-юртимиз ўртасида ҳамжиҳатлик, ўзаро тотувлик байрами кўтаринки кайфиятда нишонланди.
А.Қаюмов, Ж.Ёрбеков (сурат), ЎзА