Жиззах вилояти хабарлари – қисқа сатрларда
Арнасой туманида тадбиркорликни ривожлантириш, янги йўналишларни ўзлаштириш ва илғор тажрибаларни амалиётга татбиқ этишга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Шу мақсадда “Микрокредитбанк” АТБ Бошқарув раисининг ўринбосари Икром Жуманиёзов ҳамда Арнасой тумани ҳокими Одил Мусанов бошчилигида 10 нафар тадбиркордан иборат гуруҳ Самарқанд вилоятининг Булунғур туманига сафар уюштирди.

Ташриф давомида арнасойлик тадбиркорлар Булунғур туманида йўлга қўйилган пилла етиштириш фаолияти билан яқиндан танишиб, соҳада тўпланган тажриба ва амалий ёндашувларни ўргандилар. Мулоқотларда пилла етиштиришни Арнасой туманида ҳам ривожлантириш, бунинг учун мавжуд имкониятлардан самарали фойдаланиш, тадбиркорларга зарур кўмак кўрсатиш ҳамда янги лойиҳаларни ҳаётга татбиқ этиш масалалари муҳокама қилинди. Илғор тажрибани маҳаллий шароитга мослаштириб жорий этиш орқали янги иш ўринлари яратиш ва аҳоли даромадларини ошириш имкониятлари хусусида ҳам фикр алмашилди.

***
Жиззах вилоят ички ишлар бошқармаси тизимида ходимлар учун муносиб меҳнат шароитларини яратиш, хизмат биноларини замонавий талаблар асосида такомиллаштириш ва ҳудудларни ободонлаштиришга қаратилган бунёдкорлик ишлари изчил давом этмоқда.

Вилоят ички ишлар бошқармаси бошлиғи қурилиши ва реконструкцияси давом этаётган бир қатор объектларда бўлиб, амалга оширилаётган ишлар жараёни билан танишди. Хусусан, Шароф Рашидов тумани Куёвбоши маҳалласида барпо этилаётган меҳмонхона қурилиши кўздан кечирилди. Объектдаги қурилиш-монтаж ишларининг бориши, бинонинг тайёрлик даражаси ва навбатдаги вазифалар муҳокама қилиниб, масъулларга ишларни сифатли ва белгиланган муддатларда якунлаш юзасидан тегишли кўрсатмалар берилди.

Бу каби бунёдкорлик ишлари ички ишлар органлари ходимларининг самарали хизмат қилиши учун қулай шароит яратиш баробарида, тизим объектларининг замонавий ва муносиб қиёфасини шакллантиришга хизмат қилмоқда.
***

Шароф Рашидов тумани Янгиобод маҳалласидаги “Яшил парк” ҳудуди яна бир замонавий спорт маскани билан бойиди. “Пайшанба – Ёшлар куни” муносабати билан бу ерда янги мини-футбол, баскетбол ва воркаут майдончаларининг тантанали очилиш маросими ўтказилди.

Янги спорт майдончалари ёшларнинг бўш вақтини мазмунли ташкил этиш, уларни спортга янада кенг жалб қилиш ва соғлом турмуш тарзи кўникмаларини шакллантириш учун муҳим имконият яратади. Эндиликда маҳалла ёшлари бўш вақтларини очиқ ва замонавий спорт майдончаларида мазмунли ўтказиб, турли спорт турлари билан мунтазам шуғулланишлари мумкин.

***
Пахтакор туманида ёшларнинг бандлигини таъминлаш, уларни тадбиркорликка жалб этиш ва янги ташаббусларини қўллаб-қувватлаш мақсадида хонадонбай ўрганиш ишлари давом этмоқда.

Туман ҳокими Ҳусан Абдувоҳидов, туман прокурори ва туман ички ишлар бўлими бошлиғи биргаликда ҳудуддаги Мингчинор маҳалласида ишсиз, тадбиркорликка қизиқиши бор ёшлар билан учрашиб, уларнинг хонадонларида бўлдилар. Мулоқотлар давомида ёшларнинг тадбиркорлик ғоялари, режалари, таклиф ва муаммолари атрофлича ўрганилди.

Учрашувларда билдирилган таклифлар асосида ёшларни касб-ҳунарга ўргатиш, тадбиркорлик ташаббусларини рўёбга чиқариш ва бандлигини таъминлаш бўйича зарур чора-тадбирлар белгилаб олинди. Бу эса ҳар бир ёшнинг имконияти ва интилишини қўллаб-қувватлашга қаратилган амалий ёндашувнинг муҳим кўринишидир.
***
Зафаробод туманида ёшларни спортга кенг жалб этиш, аҳолининг бўш вақтини мазмунли ташкил қилиш ва замонавий спорт инфратузилмасини ривожлантириш борасидаги ишлар изчил тус олмоқда.

Тумандаги спорт мактаби ҳудудида жойлашган “Самарқанд” маҳалла фуқаролар йиғинида “Ёшлар” универсал спорт мажмуаси барпо этилмоқда. Айни пайтда мажмуа ҳудудида қурилиш-монтаж ишлари жадал олиб борилиб, объектни замонавий талаблар асосида жиҳозлашга алоҳида эътибор қаратилмоқда.
Лойиҳа доирасида аҳоли, айниқса, ёшларнинг турли спорт турлари билан шуғулланиши учун зарур шарт-шароитлар яратилиши кўзда тутилган. Мажмуа фойдаланишга топширилгач, спорт билан мунтазам шуғулланиш истагидаги ёшлар ва аҳоли учун янги имкониятлар эшиги очилади. Шунингдек, бу ерда спорт мусобақалари ва оммавий тадбирларни ташкил этиш, соғлом турмуш тарзини кенг тарғиб қилиш учун муносиб шароит яратилади.
Абдужалол Қаюмов,
ЎзА мухбири