Жиноят қидирув ходимларига кўкрак нишонлари топширилди
Жамиятда тинчлик ва осойишталикни таъминлаш, жиноятчиликнинг олдини олиш, фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликларини ҳимоя қилиш ички ишлар органлари ходимларидан юксак масъулият ва касбий маҳорат талаб этади. Айниқса, жиноят қидирув соҳасида хизмат қилаётган ходимлардан тезкорлик, ҳушёрлик ва қатъият талаб этилади.
Тошкент шаҳрининг Янгиҳаёт ва Чилонзор туманлари ички ишлар органларида хизмат қилаётган бир гуруҳ жиноят қидирув ходимлари ўз вазифаларини сидқидилдан бажариб, хизмат фаолиятида фаоллик ва фидойилик кўрсатгани учун тақдирланди.
Тақдирлаш маросимида ходимларнинг жиноятчиликнинг олдини олиш, содир этилган жиноятларни фош этиш ва ҳуқуқбузарликларга қарши курашиш борасидаги хизматлари эътироф этилди. Фуқаролар хавфсизлигини таъминлаш, жамоат тартибини сақлаш ва аҳоли осойишталигини мустаҳкамлашда уларнинг ўрни алоҳида таъкидланди.
Маросимда соҳа ходимларига «Фидокорона меҳнати учун» ҳамда «Ёш авлодни ҳарбий ватанпарварлик руҳида тарбиялашдаги фаол иштироки учун» кўкрак нишонлари тантанали равишда топширилди.
[gallery-31884]
Таъкидланганидек, ходимларнинг муносиб тақдирланиши улар меҳнатига берилган юксак баҳо бўлиб, жамоада хизмат интизоми ва масъулиятни мустаҳкамлаш, ходимларни янги марралар сари руҳлантиришга хизмат қилади.
Камола Юсупова, Аслиддин Алижонов (сурат), ЎзА