ЖИДУда карьера ҳафталиги: иш бозори ва талабалар бир майдонда
Жаҳон иқтисодиёти ва дипломатия университетида “UWED Career Week-2026” карьера ҳафталиги бошланди. Ушбу тадбир талабаларни иш берувчилар билан бевосита боғлаш, уларни амалий муҳитга яқинлаштиришга қаратилгани билан эътиборга молик.
Бу йилги ҳафталик давлат идоралари, хусусий сектор, банклар ва халқаро ташкилотларни бирлаштирди. Дастурда 40 дан зиёд етакчи компания, 20 га яқин давлат ташкилоти иштирок этмоқда. Демак, ёшлар учун нафақат иш топиш, балки касбий тармоқни кенгайтириш имкони ҳам яратилган.
Анжуманнинг биринчи кунида “Олий таълим ва меҳнат бозори трансформацияси” мавзуси муҳокама қилиниб, HR соҳаси экспертлари – Юлия Яковлева, Виктория Токова, Эдди Сегал, Лилия Ахатова ва Раъно Ҳамидова меҳнат бозоридаги янги тенденциялар ва талабалар учун долзарб кўникмалар ҳақида маълумот берди. Мунозарани проректор Музаффар Жалолов бошқариб борди.
[gallery-28909]
Ҳафталик доирасидаги асосий тадбир – икки кунлик бўш иш ўринлари ярмаркасининг биринчи куни хусусий ва халқаро компанияларга, иккинчи куни давлат ташкилотлари ихтиёрида. Талабалар иш берувчи билан бевосита мулоқот қилиб, суҳбатдан ўтиши мумкин.
Шунингдек, дастурдан тренинг, воркшоп, “Startupers School” очилиши, “Global Shapers Forum” симуляцияси ва мутахассислар маърузалари ҳам ўрин олган. Карьера ҳафталиги ёшлар учун назарий билимни амалиётга татбиқ этиш, салоҳиятни намоён қилиш ва касбий йўлни белгилашга кўмаклашади.
Мусулмон Зиё,
Ойбек пардаев (сурат)
ЎзА