ЖИДУда “Executive Education” факультети очилди
Жаҳон иқтисодиёти ва дипломатия университетида янги, “Executive Education” (Олий бошқарув таълими) факультетининг очилиш маросими бўлиб ўтди.
Анжуманда Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлис Сенати, Ташқи ишлар, Инвестиция ва ташқи савдо вазирликлари, Стратегик ривожланиш агентлиги, давлат корхоналари, хусусий компаниялар, юртимизда аккредитациядан ўтган дипломатик миссия раҳбарлари, университет профессор-ўқитувчилари, талабалари иштирок этди.
Мамлакатимизда кечаётган кенг кўламли ислоҳотлар давлат идоралари раҳбар ходимлари, давлат компаниялари ва хусусий бизнес топ-менежерларини қайта тайёрлаш, уларнинг малакасини ошириш тизимини тубдан модернизация қилишни тақозо этмоқда. Хусусан, ЖИДУ таркибида дунёнинг етакчи университетлари тажрибасидан келиб чиқиб, “Executive Education” факультети ташкил этилиши айни йўналишда олиб борилаётган амалий ишларнинг мантиқий давоми бўлди.
[gallery-7224]
Факультет фаолиятининг асосий йўналиши – раҳбар ходимларни замонавий бошқарув ва бизнес юритиш усулларига ўргатиш, жаҳон савдоси ҳамда инвестиция фаолиятининг замонавий тенденциялари, иқтисодиётнинг турли соҳаларига замонавий технологияларни жорий этиш тажрибаси билан яқиндан таништиришдан иборат.
“Executive Education” ўқув дастурларини яратишга АҚШ, Япония, Жанубий Корея, Сингапурдан, шунингдек Европа давлатлари нуфузли университетларидан профессор-ўқитувчилар, таълим соҳасига оид замонавий “know-how” тизими мутахассислари жалб этилган.
Давра суҳбати сўнгида тез орада янги факультетда “Етакчилик ва стратегия, бошқарув тамойиллари”, “Замонавий саноат сиёсати”, “Корпоратив бошқарув, молиявий менежмент” дастурлари амалга оширилиши таъкидланди.
Улуғбек Маҳмирзаев, Оқил Ғуломов, ЎзА