Жасорат соҳиблари ҳеч қачон унутилмайди
Пойтахтимизнинг Чилонзор туманида истиқомат қилаётган уруш фахрийси Людмила Миноваровага юксак эҳтиром кўрсатилди. Божхона қўмитаси раиси А.Мавлонов фахрий хонадонига ташриф буюриб, Президентимизнинг байрам табриги, пул мукофоти ҳамда эсдалик совғаларини топширди.
Янги Ўзбекистонда инсон қадрини улуғлаш, миллат, тил ва диндан қатъи назар, ҳар бир юртдошимизга меҳр-эътибор кўрсатиш давлат сиёсатининг устувор йўналишига айланган. Айниқса, юртимиз тинчлиги ва халқ фаровонлиги йўлида улкан жасорат кўрсатган уруш ва меҳнат фахрийларига ҳурмат-эҳтиром кўрсатиш бугунги кунда янада муҳим аҳамият касб этмоқда.


Фахрийларнинг ибратли ҳаёт йўли, меҳнат фаолияти ва матонати ёш авлод учун ҳақиқий ватанпарварлик мактаби бўлиб хизмат қилмоқда. Улар босиб ўтган ҳаёт йўли халқимизнинг бебаҳо маънавий мероси сифатида қадрланади.

Урушнинг машаққатли йиллари бошланганида Людмила Миноварова атиги тўрт ёшли қизалоқ эди. Отаси ҳарбий учувчи сифатида фронтга йўл олган, онаси эса икки фарзанди билан оғир синовларга дуч келган. Урушдан кейин тақдирини Тошкент билан боғлаган Людмила Николаевна шу ерда таълим олди ва қарийб ярим аср давомида қурилиш соҳасида ҳалол меҳнат қилди.
Ташриф давомида Божхона қўмитаси раиси Президентимизнинг байрам табригини ўқиб эшиттирди. Табрик ва совғаларни қабул қилар экан, Людмила Николаевна давлатимиз томонидан кўрсатилаётган юксак эътибор ва ғамхўрлик учун самимий миннатдорчилик билдирди.

Суҳбат асносида фахрийлар суронли уруш йиллари, ҳаётнинг оғир синовлари ва бугунги тинч, фаровон кунлар ҳақида хотираларини ўртоқлашиб, юртимизда ҳукм сураётган осойишталик учун шукроналик изҳор этишди.
Бундай учрашув ва эътибор намунаси, шубҳасиз, ёш авлодни Ватанга муҳаббат, садоқат ва фидойилик руҳида тарбиялашда муҳим аҳамият касб этади.
Ш.Маматуропова, ЎзА