Жанубий Кореядаги ёшларимиз "Заковат"да беллашди
Маълумки, “Заковат” интеллектуал мусобақаси – нафақат билимни синовдан ўтказиш, балки тезкор фикрлаш, мантиқий таҳлил қилиш ва жамоавий ҳамжиҳатликда ишлаш қобилиятини ривожлантириш имкониятидир.
Жанубий Кореяда Ташқи ишлар вазирлиги, Ўзбекистоннинг Жанубий Кореядаги элчихонаси, “Ватандошлар” жамоат фонди ҳамда “Заковат” клуби ҳамкорлигида “Заковат” мусобақаси бўлиб ўтди.
Ёшларнинг билим ва заковатини синовдан ўтказиш мақсадида ташкил этилган тадбирда мамлакатда яшаб, таҳсил олаётган ўзбекистонлик ёшлар иштирок этди.

Кёнгбук университетида йиғилган ватандошларимиз кўплаб қизиқарли мантиқий саволлар билан ўзларининг билим ва мантиқий фикрлаш кўникмаларини синовдан ўтказди.
Жумладан, ҳар бир жамоа билимдонлик, изланувчанлик ва тафаккур кучи борасида ўзаро рақобат олиб борди. Айниқса, атроф-муҳит муҳофазаси ва “яшил иқтисодиёт” мавзуларидаги саволлар иштирокчилар орасида катта қизиқиш уйғотди. Ҳар бир тўғри жавоб, ишончли таҳлил ва мантиқий фикрлаш натижасида жамоалар қимматли балларни қўлга киритиб борди.

Ғолибларни аниқлашда жамоавий ҳамкорлик, тезкор ва аниқ жавоблар, мантиқий фикрлаш қобилияти каби мезонлар инобатга олинди. Қизиқарли ва баҳсли беллашувлар натижасида энг юқори натижани қайд этган жамоа ғолиб деб топилди.
Тадбир сўнгида иштирокчилар ўз фикр-мулоҳазаларини билдириб, билим ва тафаккурни синовдан ўтказувчи бу каби интеллектуал беллашувлар кўпроқ ўтказилишини қўллаб-қувватлади.
Ғолиб бўлган жамоа аъзолари ташкилотчилар томонидан эсдалик совғалари билан тақдирланди.
Гулноза Бобоева, ЎзА