Жанубда “Жасорат мактаби” йиғини бошланди
ФОТОРЕПОРТАЖ
Жануби-ғарбий махсус ҳарбий округ қўмондонлиги, Сурхондарё вилояти ҳарбий-маъмурий сектори, вилоят ички ишлар бошқармаси, Давлат хавфсизлик хизмати, Ёшлар ишлари агентлиги бошқармалари ва Ёшлар иттифоқи ҳамкорлигида вилоят ҳудудларидаги 100 нафар ўғлон учун “Термиз” умумқўшин дала майдонида жойлашган ҳарбий қисмда “Жасорат мактаби” лойиҳаси асосида йиғин бошланди.
Ёшлар ишлари агентлигининг вилоят бошқармаси биноси олдида тўпланган йиғин иштирокчилари “Жасорат мактаби” йиғини тўғрисида маълумот олгач, “Термиз” умумқўшин майдонида жойлашган ҳарбий қисмга йўл олди.
[gallery-11374]
Ҳарбий қисмда масъул офицерлар томонидан кутиб олинган йиғин иштирокчиларига ҳарбий либослар тарқатилди. Сўнг ёшлар шифокорлар кўригидан ўтказилиб, қизиқишига қараб касб-ҳунар гуруҳларига ажратилди ва ётоқхоналарга жойлаштирилди.
Йиғиннинг тантанали очилиш маросимида вилоят ҳокими, ҳарбий-маъмурий сектор раҳбари Улуғбек Қосимов, Жанубий оператив қўмондонлиги бошлиғи полковник Пўлатжон Сотиволдиев, Мудофаа вазирлиги масъуллари, бокс бўйича жаҳон чемпиони Баҳодир Жалолов, фахрийлар ва ёшлар иштирок этди.
Тадбирда сўз олганлар мазкур янги лойиҳа ҳарбийликка ҳавасманд ёшлар учун зўр имконият эканлигини таъкидлади.
Меҳмонлар “Жасорат мактаби” ёшлари учун яратилган шарт-шароитлар ҳамда ҳарбий қисмда мавжуд замонавий техника ва қурол-яроқлар, ҳарбий хизматчиларнинг фаолияти билан яқиндан танишди.
Жонибек ҚЎЗИМУРОДОВ(сурат),ЎзА