Жамиятда ҳуқуқий маданиятни юксалтириш бўйича чора-тадбирлар дастури тасдиқланди
“2026-2027 йилларда жамиятда ҳуқуқий маданиятни юксалтириш бўйича чора-тадбирлар дастурини тасдиқлаш тўғрисида”ги Ҳукумат қарори қабул қилинди.
Қарор билан 2026-2027 йилларда жамиятда ҳуқуқий маданиятни юксалтириш бўйича чора-тадбирлар дастури тасдиқланди.
Дастур доирасида “Онлайн-маҳалла” платформаси ва “маҳалла еттилиги” кўмагида аҳоли муаммоларини таҳлил қилиб, долзарб масалаларга қонуний ечимлар берувчи содда медиа материаллар (аннотация, видео, инфографика, буклетлар) ишлаб чиқилади.
Йил якунида аҳолининг мурожаатлари асосида “ТОП-100 ҳуқуқий тавсия” тўплами шакллантирилиб, видео, инфографика ва подкастлар тайёрланади. Янги қонунчилик ҳужжатларини мутахассислар иштирокида интервью, подкаст ва видеолар орқали содда тушунтирувчи материаллар “Адлия ТВ”да жойлаштирилади.
Қурилиш қонунчилигини интерактив (ўйинлар, тестлар, видеолар) тушунтирувчи, ноқонуний қурилишлар ҳақида хабар бериш имкониятига эга AI –чатботли “Қурилишда қонунийлик” мобил иловаси яратилади.
“Advice.uz” ва “Гендер-мадад” платформалари такомиллаштирилиб, ижтимоий тармоқларда “Совринли викториналар” ўтказилади.
Шунингдек, Дастурда қуйидагилар назарда тутилди:
– болалар ўртасида ҳуқуқий онг ва ҳуқуқий маданиятни юксалтириш мақсадида ҳуқуқий видеороликлар ишлаб чиқиш ҳамда кенг тарғиб қилиш;
– “Оилани асранг – зўравонликни тўхтатинг!” шиори остида ижтимоий тармоқларда оммавий челленжлар ҳамда ижтимоий роликлар танловини ташкил этиш;
– таълим муассасаларида “Ҳуқуқий билимлар ойлиги”ни ўтказиш.
Дастурда белгиланган чора-тадбирлар ўз вақтида, тўлиқ ва сифатли амалга оширилиши ҳамда натижаси бўйича маълумотлар ҳар чорак якунида Адлия вазирлигига тақдим этиб борилиши учун тегишли давлат органлари ва ташкилотлари раҳбарлари шахсан жавобгар ҳисобланади.
ЎзА