Жамият ривожида ижтимоий соҳанинг ўрни
Ижтимоий давлатнинг асосий мақсади бу инсон, унинг ҳаёти, қадри, ҳуқуқ ва эркинликларини олий қадрият деб билиб, ҳар бир фуқаронинг муносиб турмуш даражасини таъминлаш учун шарт-шароит яратишдан иборатдир.
Юртимизда ижтимоий соҳани яхшилаш борасида амалга оширилаётган ислоҳотларнинг асосий мақсади – “ижтимоий давлат” тамойилини тўлиқ ҳаётга татбиқ этиш ҳисобланади.
Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Бошқарув самарадорлиги агентлиги томонидан Тошкент шаҳрида танлаб олинган Янги Ўзбекистон қиёфасидаги туман, шаҳарлар ҳокимликлари мутасадди ва масъуллари учун ташкил этилган семинар-тренингда ҳам ижтимоий йўналишдаги ишларни самарали ташкил этиш, натижадорликка эришиш масалалари хусусида атрофлича сўз юритилди. Семинар-тренинг ижтимоий соҳадаги ҳам назарий, ҳам амалий йўналишларни қамраб олинганлиги билан муҳим аҳамият касб этди.

Янги Ўзбекистон қиёфасидаги туман, шаҳар сифатида танлаб олинган ҳудудлар қаторига Андижон вилоятидан Асака ва Шаҳрихон туманлари киритилган бўлиб, ўтказилган семинарда мазкур туманлар ҳокимликларининг ёшлар сиёсати, ижтимоий ривожлантириш ва маънавий-маърифий ишларга масъул ходимлар ҳам фаол иштирок этди.
Россия Федерaцияси Президенти ҳузуридаги Россия халқ хўжалиги ва давлат хизмати академияси экспертлари томонидан ўтказилган семинар машғулотлари жамият ривожида ижтимоий соҳанинг қай даражада муҳим аҳамият касб этиши, ушбу соҳа фақат “маблағ сарфланадиган” соҳа эмас, балки инвестиция йўналишининг муҳим қисми эканлиги, ана шу йўналишдаги ишларни қандай ташкил этиш, нималарга эътибор қаратиш, бу борадаги халқаро тажрибалар ҳақида кенг маълумотлар берилди.
Шунингдек, семинар-тренингда келгусида соҳани иқтисодий жиҳатдан барқарорлигини янада мустаҳкамлаш бўйича ички имкониятларидан самарали фойдаланиш, амалга ошириладиган муҳим жараёнлар, вазифалар белгилаб олиш бўйича ҳам тушунчалар берилди.
Семинар-тренингда экспертлар томонидан иштирокчиларга махсус топшириқлар берилиб, уларни ҳал этиш орқали соҳани янада ривожлантириш юзасидан машғулотлар, муҳокамалар ўтказилди. Муҳокамалар натижасида таклифлар ишлаб чиқилиб, уларни амалиётга жорий этиш бўйича зарур тавсиялар берилди.
Семинарнинг амалий қисмида пойтахтимиздаги Олимпия шаҳарчаси, Миллий тиббиёт маркази, Янги Ўзбекистон университети, “IT-Park Uzbekistan”, Зарқайнар кўчаси, Ислом цивилизацияси марказига ташрифлар уюштирилди, ана шу объектларда олиб борилаётган ишлар, илғор тажрибалар билан танишилди.
Нозимжон Позилов,
Бошқарув самарадорлиги агентлиги Андижон вилояти филиали бош инспектори, семинар иштирокчиси.
ЎзА.