“Жалолиддин Мангуберди” электропоезди - замон билан ҳамнафас тезкорлик ифодаси
“Тошкентдан Хоразмгача бир минг бир юз километр”. Қўшиқдаги айнан шу сатр қадимий Хоразм диёрининг сеҳрлилиги билан бирга, олислигини ҳам ўзида ифода этган. Дарҳақиқат, Хоразм воҳаси юртимизнинг чегара ҳудудларидан бўлиб, бу заминга поездда ҳам, енгил автомашинада ҳам етиб боргунча йўловчи толиқиб қолади. Биргина Хива шаҳрига оддий йўловчи поездлари орқали сафар қилинса, йўлга кетадиган вақт ўртача 14 соатни ташкил этар эди. Бугун эса “Жалолиддин Мангуберди” юқори тезликдаги поезди ушбу масофани атиги 7 соат 30 дақиқада босиб ўтмоқда.
Сўнгги йилларда юртимиз ҳудудларини ўзаро боғлайдиган темир йўл транспорти тизимида кенг кўламли ислоҳотлар жадаллик билан амалга оширилмоқда. Бу борада Президентимизнинг 2023 йил 10 октябрдаги “Ўзбекистон Республикаси темир йўл транспорти соҳасини тубдан ислоҳ қилиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори муҳим дастуриламал бўлаётир.
Мазкур қарор ижроси доирасида “Ўзбекистон темир йўллари” акциядорлик жамияти томонидан соҳада йўловчи ташиш йўналишини янада ривожлантириш, аҳолига ҳар томонлама қулай шароитларни яратиш мақсадида тизимга замонавий технологияларни жорий этишга алоҳида аҳамият қаратилмоқда.
Бугун, 29 июль куни юқори тезликда ҳаракатланувчи электропоездларга сервис хизмат кўрсатиш марказида оммавий ахборот воситалари вакиллари учун пресс-тур ташкил этилди. Унда журналистлар юқори тезликда ҳаракатланувчи “Жалолиддин Мангуберди” замонавий йўловчи поездларини рейсга тайёрлаш жараёнлари, юқори малакали мутахассислар томонидан поездларни техник кўрикдан ўтказиш ишлари билан яқиндан танишди.
Маълумки, жорий йилнинг биринчи ярим йиллигида “Темирйўлэкспресс” акциядорлик жамияти томонидан Корея Республикасининг “Hyundai Rotem” компанияси томонидан ишлаб чиқарилган замонавий юқори тезликдаги “Жалолиддин Мангуберди” электропоездлари Ўзбекистонга келтирилди ва эксплуатацияга топширилди. Бу мамлакатимиз темир йўл соҳаси тарихида муҳим тарихий воқеа ҳисобланади. Илк бор Ўзбекистонда юқори тезликдаги поезд “Тошкент – Хива” йўналишида мунтазам қатнай бошлади. Поезд мазкур йўналишда ҳар куни мунтазам ҳаракатланиб, йўловчилар учун қулайлик ва хизмат сифатини янги босқичга олиб чиқди.
Лойиҳа доирасида жами 6 та юқори тезликдаги поезд етказиб бериш бўйича шартнома имзоланган бўлиб, бугунги кунга қадар уларнинг 3 таси Ўзбекистонга олиб келинди ва босқичма-босқич эксплуатацияга топширилмоқда. Хусусан, 2026 йилнинг май ойидан дастлабки поезд Тошкент – Хива – Тошкент йўналишида ҳаракатини бошлади. Шу кунгача 30 мингга яқин йўловчилар биринчи поездда ташилди. Куни кеча эса “Жалолиддин Мангуберди” поездининг иккинчиси ҳам Тошкент – Хива – Тошкент йўналишида ҳаракатини бошлади. Юртимизга келтирилган учинчи поезд эса айни пайтда техник синов ҳаракатидан ўтказилмоқда.
Пресс-тур давомида айтиб ўтилганидек, “Жалолиддин Мангуберди” поездлари техник жиҳатдан 250 км/соат тезликкача ҳаракатланиш имкониятига эга. Мазкур поездлар Ўзбекистоннинг иқлим шароитларини ҳисобга олган ҳолда махсус лойиҳалаштирилган. Хусусан, “Бухоро – Хива” йўналишида учрайдиган чўл ҳудудлари, кучли чанг ва юқори ҳарорат шароитида ишончли ҳаракатланиши учун замонавий муҳандислик ечимлари қўлланилган. Бу эса поездларнинг хавфсизлиги, ишончлилиги ва йўловчилар учун юқори даражадаги қулайликни таъминлайди. Поезд Тошкентдан ҳаракатланиб, “Самарқанд”, “Навоий”, “Бухоро”, “Урганч” темир йўл вокзалларида тўхтаб, Хивагача боради.
Янги, юқори тезликдаги поездларнинг ишга туширилиши мамлакатимиз темир йўл соҳасини янада ривожлантириш, аҳолига кўрсатилаётган транспорт хизматлари сифатини ошириш ҳамда миллий транспорт инфратузилмасини замонавий босқичга олиб чиқишда муҳим қадам бўлди. Янги авлод поездлари соҳадаги ислоҳотларнинг ифодаси бўлиб, нафақат аҳолига қулайлик яратиш, балки туризм имкониятларини оширишга хизмат қилади.
Тадбир давомида “Темирйўлэкспресс” акциядорлик жамияти мутахассислари томонидан журналистларга замонавий поезднинг техник имкониятлари, йўловчилар учун қулайликлари ҳамда замонавий шароитлари, шунингдек, соҳани рақамлаштиришда амалга оширилаётган ишлар ҳақида батафсил маълумотлар берилди.
М.Комилова, ЎзА