Жаҳонгир, шоир Бобур
Алишер Навоий номидаги Ўзбекистон Миллий кутубхонасида Заҳириддин Муҳаммад Бобур таваллудининг 538 йиллиги муносабати билан адабий-маърифий кеча бўлиб ўтди.
"Мурувват" ижодий гуруҳи билан ҳамкорликда ташкил этилган ушбу кечага маънавият тарғиботчилари, олимлар, ўқитувчилар, талаба-ёшлар таклиф этилди.
Кечада таъкидланганидек, мамлакатимизда ёшлар маънавиятини юксалтириш, китобхонликни ривожлантириш, аллома боболаримиз меросини асраш ва ўрганиш борасидаги амалий ишлар ҳажми тобора ортиб бормоқда.
Заҳириддин Муҳаммад Бобур тақдирнинг чигалликлари, синов ва машаққатларни бошидан энг кўп ўтказган ижодкор, десак муболаға бўлмайди. Бобур бобомиз ҳақида энг тўлақонли маълумот унинг беназир ғазал ва рубоийларида, "Бобурнома" тарихий асарида яққол намоёндир. Ватанга, одамларга, табиатга ўзгача меҳр, садоқат Бобур асарларида ғоят гўзал тарзда тараннум этилгани билан аҳамиятлидир. Ўз даврига оид тарихий, ҳам қимматли маълумотларга бойлиги, ифода усули, тилининг ғоят гўзаллиги, ажиб бадииятга йўғрилгани, маънолар қатидаги теран фалсафий мазмун сабабли ҳам Бобур асарлари дунёда катта қизиқиш ва эҳтиром билан ўрганиб келинади.
Жаҳонгир бобомизнинг илмий-маърифий меросини ўрганишда 1992 йилда ташкил этилган Бобур номидаги Халқаро жамоат фонди ва илмий экспедициясининг хизмати катта. Бу тузилма фаолияти натижасида Бобур ва бобурийлар салтанатининг бебаҳо тарихи, адабиётига оид асарларни хориждан тўплаш, ўрганиш, тарғиб этиш борасида салмоқли, ҳам савобли ишлар олиб борилаётгани барчамизга яхши маълум.
Адабий-маърифий кечада Бобур ижодидан намуналар ўқилди, мумтоз куй-қўшиқлар янгради. Олимларнинг Бобур адабий мероси, ҳаёти ва фаолияти, асарлари ҳақидаги қимматли фикрлари иштирокчиларда катта таассурот қолдирди.
Н.Усмонова, ЎзА