Жаҳон кубоги: Финалга йўл олган Синдоров даъвогарлар турнири йўлланмасига эга чиқди
Ҳиндистонда ўтаётган жаҳон кубоги ўзбекистонлик шахматчилар учун ҳар жиҳатдан омадли кечмоқда.
Жавоҳир Синдоров ярим финалда ҳамюртимиз Нодирбек Ёқуббоевни 2,5:1,5 ҳисобида мағлуб этиб, Жаҳон кубоги-2025 нинг финалчисига айланди.

Шу билан бирга ФИДЕ байроғи остида мусобақада қатнашаётган россиялик Андрей Есипенко ва хитойлик Вэй И ўртасидаги тай-брек мусобақалари ҳар жиҳатдан муросасиз ўтди.

Ҳал қилувчи қарама-қаршиликда Есипенко рақибига 0,5:1,5 ҳисобида имкониятни бой бериб қўйди.
Ушбу натижа туфайли Жавоҳир Синдоров ва Вэй И 2026 йилда бўлиб ўтадиган ФИДE Номзодлар турнирига йўлланмани қўлга киритди.

Энди Синдоров финалда Хитой вакили билан ғолиблик учун баҳс олиб борса, Ёқуббоев 3-ўрин учун кечадиган “жанг”да Есипенко билан даъвогарлар турнирининг сўнгги йўлланмаси кимга насиб этишига ойдинлик киритади.
Финал ва 3-ўрин учун кечадиган мусобақалар 24-26 ноябрь кунлари ўтказилади.
Т. Рўзиев, ЎзА