Жаҳон чемпионатидан 3 та медаль...
Португалиянинг Мадейра шаҳрида пара сузиш бўйича ташкил этилган Жаҳон чемпионатида матонатли спортчиларимиз 62 та давлатнинг энг кучли спортчилари билан кечган мураккаб баҳсларда 2 та бронза, 1 та кумуш, жами 3 та медалга сазовор бўлди.
Эркаклар ўртасида S13 классида 50 метр масофага эркин усулда сузиш баҳсида "Токио-2020" ёзги Паралимпия ўйинлари совриндори Ислам Асланов 24.38 сония натижа билан маррага учинчи бўлиб етиб келиб, бронза медалига сазовор бўлди. Ислом шунингдек, 100 метрга баттерфляй усулда сузиш бўйича ҳам бронза медалини қўлга киритди.
Яна бир спортчимиз Музаффар Турсунхўжаев 100 метрга эркин усулда сузиш баҳсларида Жаҳон чемпионатининг кумуш медалига мушарраф бўлди.
Жаҳон чемпионати якунларига кўра, умумжамоа ҳисобида Италия вакиллари 27 та олтин медаль билан 1-ўринни эгаллаган бўлса, АҚШ ва Бразилия пара сузувчилари кейинги қаторлардан жой олишди.
Мусобақа якунида келгуси Жаҳон чемпионати 2023 йилнинг 31 июль-6 август кунлари Буюк Британиянинг Манчестер шаҳрида ўтказилиши эълон қилинди.
Т. Рўзиев, ЎзА