Жаҳон чемпионатида совриндор бўлган спорт акробатчиларимиз - Тошкентда
Италиянинг Пезаро шаҳрида спорт акробатикаси бўйича катталар ўртасида ўтказилган жаҳон чемпионатида ўзбекистонлик спортчилар совриндорлар қаторидан жой олди.
Дунёнинг энг кучли акробатчилари қатнашган чемпионатнинг саралаш мусобақаларида муваффақиятга эришган Азизбек Сапарбоев, Ҳикматилло Иброҳимов, Анваржон Ғофуров ва Икромжон Носировдан иборат Ўзбекистон терма жамоаси аъзолари тўртлик мусобақаси финалида Европа жамоалари билан куч синашди.

Машқларни тўғри ва аниқ бажаришда ўз истеъдодини намойиш этган терма жамоамиз аъзолари ҳакамларнинг баҳолашига кўра, бронза медалларига муносиб кўрилди.

Бугун, 28 сентябрь куни эрта тонгда Европа спорт майдонларида совриндорликка эришган спортчиларимиз пойтахт аэропортида Ўзбекистон гимнастика федерацияси ҳамда Гимнастика бўйича Республика олий спорт маҳорати мактаби жамоаси аъзолари томонидан тантанали кутиб олинди.
Т.Рўзиев,
ЎзА