Жаҳон чемпионати: ўсмир дзюдочиларимиз аралаш жамоавий баҳсларда 3-ўринни эгаллади
Эквадорнинг Гуаякил шаҳрида ўсмир дзюдочилар иштирокида ўтказилган Жаҳон чемпионатида Ўзбекистон терма жамоаси аъзолари муносиб натижаларни қайд этди.
Чемпионатнинг сўнгги кунида Бразилия, Болгария, Канада, Эквадор, Франция, Грузия, Япония, Қозоғистон, Мўғулистон, Россия Федерацияси ва Туркия терма жамоалари иштирокида ташкил этилган жамоавий аралаш беллашувларда ҳамюртларимиз 3-ўринни эгаллади.
Жаҳоннинг 12 та сараланган терма жамоалари қаторида Ўзбекистон ўсмирлари медаллар учун кураш олиб борди.
Чорак финалда Россияни мағлуб этган ўсмир дзюдочилар муросасиз кечган 1/2 финал баҳсида Қозоғистон терма жамоасига имкониятни бой берди.

Дзюдочиларимиз бронза медали учун кечган беллашувда Франция терма жамоасини 4:1 ҳисобида доғда қолдирди ва шоҳсупадан жой эгаллади. Ўз навбатида Қозоғистон жамоаси финалда Бразилиядан устун келиб, аралаш жамоавий баҳсларда жаҳон чемпионлигини қўлга киритди.
Эслатиб ўтамиз, Ўзбекистон ўсмирлар терма жамоаси аъзолари яккалик баҳсларда 1 та олтин, 1 та кумуш, 4 та бронза медаль билан 60 та давлат орасида кучли учликдан жой эгаллаганди.
Т.Рўзиев, ЎзА