Жадидлар меросига бағишланган анжуман
Фарғона политехника институтида “Жадидларнинг илмий-педагогик мероси: тарих ва замонавийлик” мавзусида халқаро илмий-амалий конференция бўлиб ўтди.
Анжуманда ўзбекистонлик олимлардан ташқари Қозоғистон, Қирғизистон, Тожикистон, Туркия, Россия Федерацияси ва бошқа мамлакатлардан келган таниқли олим ва экспертлар иштирок этди.

Ватаннинг мустабидлар зулмидан озод бўлишини, элга эрк, ҳуррият истаган халқимизнинг қалби уйғоқ фарзандлари бўлмиш жадидлар ҳамиша фикру ёдимизни эгаллайди. Бу миллат ойдинлари тарихини, ҳаёти ва фаолиятини ўрганганимиз сари улар барҳаёт бўлаверади, юракларимизнинг бир четини тирнаётган армонлар қайта гавдаланаверади. Маърифатпарвар жадид боболаримиз бутун умрларини миллий уйғониш ғоясига бағишлаб, ўлкани жаҳолат ва қолоқликдан олиб чиқиш, миллатимизни ғафлат ботқоғидан қутқариш учун бор куч ва имкониятларини сафарбар этдилар.
Бугунги кунда уларнинг ҳаётини ўрганиш ва тарғиб этиш муҳим вазифа саналади. Фарғонада ташкил этилган илмий анжуманда жадидларимизнинг эзгу ишлари ёдга олинди, тарихий фактлар орқали уларнинг мероси борасида фикрлар алмашилди.

Конференцияда Туркистонда жадидчиликнинг майдонга келиши ва тадрижий ривожланиши, тараққийпарварларнинг миллий давлатчиликни тиклаш учун ҳаракатлари ва Туркистон мухторияти фаолияти, жадид мактаблари ҳамда уларнинг педагогик мероси, жадидчилик ғоялари ва Янги Ўзбекистон тараққиёти каби муҳим муаммоли масалалар кун тартибдан жой олди.
Институт ректори Ўктам Саломов маърифатпарвар аждодларимизнинг ибратли фаолиятини, уларнинг ўз қиммати ва аҳамиятини ҳамон йўқотмасдан келаётган бой меросини туркий тилли давлатлар ҳамда халқаро ташкилотлар вакиллари таниқли хорижий олимлар билан биргаликда теран тадқиқ ва тарғиб этиб келаётганини таъкидлаб ўтди.

Шунингдек, анжуманда сенатор, Ўзбекистон Республикаси Фанлар академияси Тарих институти директори Азамат Зиё иштирокчиларни қутлади.
– Бугунги анжуманга турли мамлакатлардан ташриф буюрганларга алоҳида миннатдорчилик билдираман, – дейди Азамат Зиё. – Анжуманда мамлакатимиз учун энг муҳим мавзулардан бири – миллат таълим-тарбияси масаласини муҳокама қилиш ва Ўзбекистонда жадидлар бошлаган ишларни давом эттиришдир. Маърифатли жамият қуришда жадидчиларимизнинг эзгу ғоялари биз учун муҳим аҳамиятга эга.

Анжуманда хорижий мамлакатлардан соҳа мутахассислари видеоконференция орқали иштирок этиб, жадидчилик ҳаракатининг ўзига хос жиҳатлари ва бугунги кундаги аҳамияти хусусида сўз юритди.

Конференцияда бир вақтнинг ўзида сессиялардаги муҳокамалар, шунингдек, ёшларни жалб қилган ҳолда кенг аудитория учун очиқ панел сессиялари ўтказилди.
Халқаро анжуман давомида иштирокчилар Марғилон шаҳар ҳунармандлар уйи, Риштон тумани кулолчилик мажмуаси ва тарихий зиёратгоҳларга саёҳат қилишди.
М.Сулаймонов, ЎзА мухбири