Ижтимоий шериклик муносабатлари самараси
Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасида давлат органларининг нодавлат нотижорат ташкилотлари ва фуқаролик жамиятининг бошқа институтлари билан ижтимоий шериклик муносабатларини кучайтириш борасидаги долзарб вазифаларга бағишланган давра суҳбати бўлиб ўтди.
Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасида давлат органларининг нодавлат нотижорат ташкилотлари ва фуқаролик жамиятининг бошқа институтлари билан ижтимоий шериклик муносабатларини кучайтириш борасидаги долзарб вазифаларга бағишланган давра суҳбати бўлиб ўтди.Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасининг демократик институтлар, нодавлат ташкилотлар ва фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари қўмитаси ҳамда Олий Мажлис ҳузуридаги Нодавлат нотижорат ташкилотларини ва фуқаролик жамиятининг бошқа институтларини қўллаб-қувватлаш жамоат фонди ҳамкорлигида ташкил этилган тадбирда депутатлар, тегишли давлат ва жамоат ташкилотлари, оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирок этди.
Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг демократик институтлар, нодавлат ташкилотлар ва фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари қўмитаси раиси А.Саидов ва бошқалар Биринчи Президентимиз Ислом Каримов раҳнамолигида демократик ҳуқуқий давлат ва фуқаролик жамияти барпо этиш йўлида амалга оширилган изчил ислоҳотлар самарасида жамиятимизда фуқаролик жамияти институтларининг мавқеи тобора юксалиб бораётгани, бу инсон ҳуқуқ ва манфаатларини муҳофазалашда муҳим омил бўлаётганини алоҳида таъкидлади.
Ўзбекистон Республикасининг 2015 йил 1 январдан кучга кирган «Ижтимоий шериклик тўғрисида»ги қонуни бу йўналишдаги ислоҳотларни янада юқори босқичга олиб чиқишда муҳим ҳуқуқий асос бўлмоқда.
Мазкур қонунда белгиланган вазифаларни изчиллик билан ҳаётга татбиқ этиш, жамиятда ижтимоий шериклик муносабатларини ривожлантириш борасида тизимли ишлар амалга оширилаётир. Парламент томонидан қонуннинг жойлардаги ижроси юзасидан назорат-таҳлил ишлари юритилиб, унинг натижалари кенг муҳокама этилмоқда. Бу соҳадаги ишларни тизимли асосда ташкил этиш мақсадида ҳудудларда ижтимоий шериклик бўйича жамоат комиссиялари фаолият кўрсатмоқда.
Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси ҳузуридаги Нодавлат нотижорат ташкилотларини ва фуқаролик жамиятининг бошқа институтларини қўллаб-қувватлаш жамоат фонди томонидан ташкил этилаётган турли танловларда ҳам жамоат тузилмаларининг долзарб ижтимоий-иқтисодий масалаларни ҳал этишдаги иштирокини кенгайтиришга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Фонд томонидан 2015-2016 йилларда нодавлат нотижорат ташкилотлари ва фуқаролик жамияти бошқа институтларининг беш юздан кўпроқ дастур ва лойиҳаси молиялаштирилди.
Ўзбекистон Республикаси «Нуроний» ва «Экосан» жамғармалари, «Соғлом авлод учун» халқаро хайрия фонди, Болалар ижтимоий мослашуви маркази, Ўзбекистон врачлар уюшмаси, Ёшлар ташаббуслари маркази каби нодавлат нотижорат ташкилотларининг лойиҳалари бунга мисолдир. Ушбу жамоат тузилмаларининг «Соғлом она ва бола йили» Давлат дастури ва бошқа ҳудудий дастурларда белгиланган вазифалар ижросига оид лойиҳалари фонд томонидан молиялаштирилиши натижасида нодавлат нотижорат ташкилотларининг вазирликлар, маҳаллий ҳокимликлар билан ижтимоий ҳамкорлиги кенгайди.
Жойларда аҳолининг эҳтиёжманд қатламини, ногиронлар, аёллар, болалар, ёшларни қўллаб-қувватлаш, маҳалла инфратузилмасини кенгайтиришга йўналтирилган қатор лойиҳалар амалга оширилди. Оилада тиббий маданиятни ошириш, оналар ва болалар саломатлигини мустаҳкамлаш, ёшларнинг жамиятимиздаги фаоллигини, хотин-қизларнинг давлат ва жамият бошқарувидаги иштирокини кенгайтириш бўйича кенг қамровли лойиҳалар ҳаётга татбиқ этилди.
Давра суҳбатида жамиятимизда бу йўналишда эришилган ютуқ ва тажрибаларни кенг тарғиб этиш ва оммалаштириш, ижтимоий шериклик муносабатларининг ҳуқуқий асосларини янада такомиллаштириш билан боғлиқ долзарб масалалар муҳокама этилди.