Ижтимоий ҳимоя назоратда
Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутатлари Эмма Аслонова ҳамда Мадина Баратова Бухоро вилоятида Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Ижтимоий ҳимоя миллий агентлигининг вилоят бошқармасида бўлди.
Депутатлар ҳудудда ижтимоий ҳимоя соҳасида амалга оширилаётган ислоҳотлар, аҳолига кўрсатилаётган ижтимоий хизматлар сифати ҳамда уларнинг самарадорлиги билан яқиндан танишди.
Шунингдек, бошқарма раҳбарияти ва масъул ходимлари билан учрашувда ижтимоий ҳимоя тизимида йўлга қўйилган янги механизмлар, кўрсатилаётган ижтимоий ёрдам турлари ҳамда уларни такомиллаштириш бўйича амалга оширилаётган ишлар юзасидан атрофлича фикр алмашди.
Ушбу агентлик аҳолини ижтимоий ҳимоя қилиш ва ижтимоий хизматлар кўрсатиш соҳасида ягона давлат сиёсатини ишлаб чиқиш ва амалга ошириш бўйича ваколатли давлат органи ҳисобланади. Агентлик ўз фаолиятини бошқа давлат органлари ва ташкилотларидан, шунингдек, уларнинг мансабдор шахсларидан мустақил равишда амалга ошириб, ижтимоий хизматлар сифатини ошириш ва аҳолининг эҳтиёжманд қатламларини қўллаб-қувватлашни асосий мақсад қилиб олган.
Айни пайтда Бухоро шаҳри ва Шофиркон туманида маҳаллий тадбиркорлар ташаббуси билан ногиронлиги бўлган болалар учун кундузги парвариш хизматлари кўрсатувчи махсус боғчалар ҳамда кундузги парваришлаш марказлари фаолият юритмоқда. Ушбу марказларда болаларга таълим-тарбия бериш, ижтимоий мослашувини таъминлаш ҳамда уларнинг ота-оналарига енгиллик яратишга қаратилган хизматлар кўрсатилмоқда.
Вилоятда жами 63 минг 709 нафар ногиронлиги бўлган шахслар истиқомат қилади. Ҳозирда 170 нафар ногиронлиги бўлган болалар кундузги парвариш хизматларидан мунтазам равишда фойдаланмоқда.
Юзма-юз мулоқотлар жараёнида Қонунчилик палатаси депутатлари ижтимоий ҳимоя марказлари фаолиятини янада такомиллаштириш, аҳолига кўрсатилаётган хизматлар қамровини кенгайтириш ҳамда соҳадаги муаммоларни бартараф этиш мақсадида амалдаги қонунчиликка киритилаётган ўзгартириш ва қўшимчалар ҳақида ҳам батафсил маълумотлар берди.
Зариф Комилов, ЎзА мухбири.