Ижро интизоми — адолат ва ижтимоий ҳимоя кафолати
Мажбурий ижро бюросининг Сирдарё вилоят бошқармасида 2026 йилда амалга оширилган ишлар ҳамда устувор вазифаларга бағишланган матбуот анжумани бўлиб ўтди.
Унда бюронинг вилоят бошқармаси масъул ходимлари, оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирок этиб, ижро интизомини таъминлаш, аҳоли манфаатларини ҳимоя қилиш борасида амалга оширилаётган ишлар юзасидан атрофлича маълумот берилди.
Таъкидланганидек, 2026 йилнинг биринчи чораги давомида бюро томонидан жами 97 мингта ижро ҳужжати бўйича 1 триллион 238 миллиард сўмлик ундирувлар таъминланган. Бу кўрсаткичлар соҳада тизимли ишлар йўлга қўйилгани, ижро интизомининг изчил мустаҳкамланиб бораётганини кўрсатади.
Аҳолининг ижтимоий ҳимоясига қаратилган ишлар доирасида вояга етмаганлар манфаатларини таъминлашга алоҳида эътибор қаратилган. Хусусан, болалар фойдасига қарийб 18 миллиард сўм алимент маблағлари ундириб берилди. Шу билан бирга, 685 та оилада низолар бартараф этилиб, ярашувга эришилгани жамиятда соғлом муҳитни мустаҳкамлашга хизмат қилаётган муҳим натижа сифатида қайд этилди.
[gallery-29088]
Алимент тўловчи қарздорларни иш билан таъминлаш мақсадида ташкил этилган меҳнат ярмаркалари орқали 246 нафар фуқаро доимий иш жойига эга бўлди. Бу эса нафақат қарздорликларни камайтириш, балки аҳоли бандлигини таъминлашда ҳам муҳим омил бўлмоқда.
Матбуот анжуманида мамлакатимиз Президенти фармонлари асосида амалга оширилаётган ижтимоий дастурлар ижросига ҳам алоҳида тўхталиб ўтилди. Жумладан, давлат фойдасига ундирилган маблағлар ҳисобидан “Темир дафтар”, “Аёллар дафтари” ва “Ёшлар дафтари”га 25 миллиард сўмдан ортиқ маблағ йўналтирилгани эҳтиёжманд аҳолини қўллаб-қувватлашда муҳим аҳамият касб этмоқда.
Иқтисодий йўналишдаги ижро ишлари ҳам салмоқли натижаларни берган. Хусусан, банклар фойдасига 34 миллиард сўм маблағ амалда ундирилиб, қарздорларга тегишли 78 миллиард сўмлик мол-мулклар очиқ аукцион савдоларига чиқарилган.
Шунингдек, коммунал хизматлар соҳасида ҳам қарздорликларни ундириш бўйича самарали ишлар амалга оширилган. Электр ва газ таъминоти корхоналари фойдасига 7 миллиард сўм, “Сув таъминоти” корхонаси фойдасига 1,6 миллиард сўм, бошқарув сервис компаниялари фойдасига эса 256 миллион сўм қарздорлик ундирилган.
Фуқаролар мурожаатлари билан ишлаш масаласи ҳам доимий эътибор марказида. Ўтган даврда жисмоний ва юридик шахслардан келиб тушган 2 284 та мурожаатдан 1 405 таси қаноатлантирилган, 656 таси бўйича ҳуқуқий тушунтиришлар берилган. Энг муҳими, 1 249 нафар фуқаронинг ҳуқуқлари тиклангани тизимнинг самарадорлигини намоён этмоқда.
Анжуманда соҳада амалга оширилаётган ислоҳотлар, жорий этилаётган замонавий ёндашувлар ва рақамлаштириш жараёнлари ҳақида ҳам маълумот берилди. Таъкидланишича, ижро ҳаракатларини тезкор ва шаффоф амалга ошириш, инсон омилини қисқартириш орқали самарадорликни ошириш устувор вазифалардан бири ҳисобланади.
Тадбир якунида журналистлар томонидан берилган саволларга масъуллар батафсил жавоб қайтариб, аҳолини қизиқтираётган қатор масалаларга ойдинлик киритдилар.
Ғулом Примов, Умид Обиджонов (сурат), ЎзА