Ижодкорлар ёшларни катта орзулар сари чорлади
Гулистон шаҳридаги Президент мактабида пойтахтдан ташриф буюрган Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси аъзолари — таниқли шоир ва ёзувчилар, адабиётшунос олимлар ҳамда ижодкорлар иштирокида ўқувчи-ёшлар ва устозлар учун ижодий-маърифий учрашув ташкил этилди.
Учрашувда Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси раисининг биринчи ўринбосари, филология фанлари доктори, профессор Минҳожиддин Мирзо тадбир қатнашчиларига мурожаат қилар экан, уларни катта мақсад ва юксак орзулар билан яшашга чорлади.
Нотиқ ёшларнинг бугунги имкониятларини тарихий шахслар ҳаёти билан қиёслаб, буюк алломалар ҳам бир вақтлар бугунги ёшлар сингари орзу қилгани, излангани ва ўз мақсадлари сари дадил қадам ташлаганини таъкидлади.
— Ёшлар учун барча шарт-шароитлар яратилаётган бугунги кунда сизларнинг Ибн Сино , Навоий , Берунийлар изидан бориб, улуғвор ишлар қилиш учун имкониятларингиз сероб, — дея таъкидлади Минҳожиддин Мирзо. Шунингдек у ўз сўзида Ўзбекистон халқ шоири Ғафур Ғуломнинг машҳур сатри мазмунига мурожаат қилиб, осмонни кўзлаган ёшларга елка тутишга тайёр устозлар ва яратилган шароитлар борлигини қайд этди.
[gallery-31348]
Шундан сўз олган шоиру шоиралар ўз ижод намуналаридан ўқиб беришди. Адабий учрашувнинг яна бир эътиборли жиҳати, Президент мактабида таҳсил олаётган ўқувчилар ҳам ёзган шеърларини устозлар ва тадбир иштирокчиларига тақдим этишга муваффақ бўлишди.
— Бугун шоир ва ёзувчилар билан бўлиб ўтган учрашув биз учун жуда қизиқарли ва унутилмас бўлди. Айниқса, шоирларнинг ўз шеърларини катта завқ ва шавқ билан ўқиб беришлари барчамизга жуда ёқди. Шунингдек, ижодкорларнинг самимий суҳбатлари, ҳаётий фикр ва мулоҳазалари бизда катта таассурот қолдирди. Уларни тинглар эканмиз, китоб ўқиш, шеър мутолаа қилиш ва ижодга бўлган қизиқишимиз янада ортди. Бундай учрашувлар ёш авлоднинг маънавий дунёсини бойитиш, китобхонлик маданиятини юксалтириш ва ижодга бўлган қизиқишини оширишда муҳим аҳамиятга эга деб ҳисоблайман, — деди Гулистон шаҳридаги Президент мактабининг маънавий-маърифий ишлар бўйича директор ўринбосари Маҳбуба Қаршиева.
Самимий мулоқот давомида ўқувчи-ёшларни қизиқтирган саволларга ижодкорлар жавоб беришди. Китоб танлаш, ижодий изланиш, шеър ёзиш, адабиётни ўрганиш, касб ва келажак мақсадларини белгилаш борасида фикрлар билдирилди.
Ғулом Примов, ЎзА мухбири