Ижодкорлар ҳарбийлар ҳузурида
Андижон шаҳридаги ҳарбий қисмда ҳарбий хизматчиларнинг ижодкорлар билан учрашуви бўлиб ўтди.
Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси вилоят бўлими ҳамда Ўзбекистон Халқ демократик партияси Андижон вилояти кенгаши ташаббуси билан ўтказилган мазкур адабий, маънавий-маърифий тадбирда ҳарбий хизматчилар, ёзувчи ва шоирлар, партия фаоллари, ижодкор ёшлар иштирок этди.
Тадбирда мамлакатимизда ҳарбий соҳада амалга оширилаётган ислоҳотлар, ҳарбий хизматчилар давлатимиз томонидан ҳар томонлама қўллаб-қувватланаётгани, улар учун яратилган имкониятлар, аскарлар маънавиятини юксалтириш, китоб ўқишга бўлган қизиқишини ошириш хусусида сўз юритилди.

– Аскарлар ўртасида маънавий-маърифий ишлар самарадорлигини ошириш, уларнинг ҳарбий бурчни юксак даражада адо этишларига руҳлантиришда адабиётнинг ўрни ва роли муҳимдир, – дейди Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси вилоят бўлими бош мутахассиси Барно Солиева. – Шу маънода аскарларнинг ижод аҳли билан учрашуви уларга катта маънавий озуқа бериш билан бирга, адабиётга бўлган қизиқишини оширишга, қалбларида юксак инсоний фазилатларни янада мустаҳкамлашга хизмат қилди.
Шеърхонлик кечасига айланиб кетган тадбирда ижодкорлар ва аскарлар томонидан она Ватан, юрт ҳимоячиларини мадҳ этувчи, шунингдек, меҳр-оқибат, севги ва садоқат мавзуларида ўқилган шеърлар барчада катта таассурот қолдирди.
Тадбир сўнгида ҳарбий қиcм кутубхонасига Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси вилоят бўлими томонидан китоблар жамланмаси ҳамда тадбирда фаол қатнашган бир гуруҳ ҳарбийларга ташаккурномалар топширилди.
Ф. УБАЙДУЛЛАЕВ, ЎзА