Ижодкорлар билан учрашувлар ёшларга илҳом бағишлади
Фарғона давлат техника университетида адабиёт ва маънавият тарғиботи, ёшларни китоб мутолаасига кенг жалб этиш мақсадида таниқли ижодкорлар иштирокида адабий-маърифий учрашувлар ташкил этилди. Мулоқотлар Тошлоқ туманидаги умумтаълим мактабларида ҳам давом этди.
Тадбирларда Ўзбекистонда хизмат кўрсатган маданият ходими, шоира Зулфия Мўминова, Ўзбекистонда хизмат кўрсатган журналист, ёзувчи ва публицист Ашурали Жўраев, шоир, таржимон, Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси аъзоси Фахриддин Ҳаёт иштирок этди.
Дастлаб ижодкорлар университет ректори, профессор Рустам Тожиев билан учрашди. Самимий мулоқотда ёшлар маънавиятини юксалтириш, уларни миллий қадриятларга ҳурмат руҳида тарбиялаш, бадиий адабиётнинг шахс камолотидаги ўрни хусусида фикр алмашилди. Айниқса, техника ва технология йўналишларида таҳсил олаётган талабаларнинг китобхонликка қизиқишини ошириш, ижодий тафаккури ва мустақил фикрлаш қобилиятини ривожлантириш муҳимлиги таъкидланди.
Университет Маданият саройида ташкил этилган адабий учрашувда қалам аҳли ўз ижод йўли, ҳаётий тажрибаси ва адабиёт оламидаги изланишлари ҳақида сўз юритди. Шеърият ва насрнинг инсон маънавиятига таъсири, мутолаанинг тафаккурни бойитишдаги аҳамияти хусусида қизғин суҳбат қурилди. Ёшлар ўзларини қизиқтирган саволларга жавоб олди.
— Ёшлар билан учрашувлар биз, ижодкорлар учун ҳамиша қадрли. Китоб инсонни фикрлашга, ҳаётга теран назар билан қарашга ўргатади. Техника ва технология соҳасини танлаган ёшларнинг ҳам адабиётга ошно бўлиши уларнинг тафаккурини бойитади, - дейди Ўзбекистонда хизмат кўрсатган маданият ходими, шоира Зулфия Мўминова.
Ташриф доирасида ижодкорлар «Яшил макон» умуммиллий лойиҳасига ҳам ўз ҳиссасини қўшди. Университет ҳудудида ташкил этилган кўчат экиш тадбирида иштирок этиб, ёшларни табиатга меҳр ва атроф-муҳитга масъулият билан муносабатда бўлишга ундади.
Адабий-маърифий мулоқотлар Тошлоқ туманидаги умумтаълим мактабларида давом этди. Хусусан, Фахриддин Ҳаёт 9-умумтаълим мактабида, Зулфия Мўминова 12-мактабда, Ашурали Жўраев эса 42-мактабда ўқувчилар билан учрашди.
[gallery-31961]
Учрашувларда ижодкорлар китобнинг инсон ҳаётидаги ўрни, адабиётга муҳаббат, ижод машаққати ва унинг завқи ҳақида сўзлаб берди. Ўқувчилар ўзларини қизиқтирган саволлар билан мурожаат қилиб, таниқли қалам аҳли билан бевосита мулоқот қилиш имконига эга бўлди.
Бундай учрашувлар ёшларнинг китобхонлик маданиятини юксалтириш, уларнинг адабиётга қизиқишини кучайтириш, ижодий қобилиятларини рўёбга чиқариш ва авлодлар ўртасидаги маънавий ришталарни мустаҳкамлашга хизмат қилади.
Муқимжон ҚОДИРОВ (сурат), ЎзА