Ижодкор ўқитувчилар мактаб юраги
Пойтахтимизда 10-11 октябрь кунлари Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси ва Халқ таълими вазирлиги ҳамкорлигида ʼʼИжодкор ўқитувчиларʼʼ республика семинари ўтказилди.
Пойтахтимизда 10-11 октябрь кунлари Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси ва Халқ таълими вазирлиги ҳамкорлигида ʼʼИжодкор ўқитувчиларʼʼ республика семинари ўтказилди.
Унда Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳридан 2-3 нафардан ижодкор ўқитувчи иштирок этди.
– Физика фани ўқитувчисиман. Лекин адабиёт менга куч, завқ беради. Айрим вақтларда шунчалар илҳом гирдобида қолиб кетаманки, уни қоғозга туширишдан бошқа чора қолмайди. Ижод одами бўлганим учунми давраларда шеър ўқишни яхши кўраман. Ҳозирга қадар ʼʼИшқим лолалариʼʼ, ʼʼГул юзингни изладимʼʼ, ʼʼНега туғилдинг болам?ʼʼ деб номланган шеърий тўпламларим чоп этилган, – деди Нажмиддин Мирзо.
Икки кун давом этган семинарда ижодкор ўқитувчилар алоҳида шўъбаларга бўлинган ҳолда таниқли шоир, ёзувчи, адабиётшунос ва маҳоратли журналистлар сабоқларидан баҳраманд бўлди. Фикр ва мулоҳазалар алмашишди.

– Мактаб қадрдон маскан, унда ҳар бир инсон дастлабки ҳаётий билимни олади. Ўқувчининг орзу-умидлари айнан ана шу масканда шаклланади. Ўзи ҳар бир ўқитувчи ижодкор. Биргина дарс ўтиш жараёни устоздан актёр, нотиқ, шоир ва кўплаб касб эгалари бўлишни талаб этади. Ўқитувчи ана шундай салоҳият эгасидир. ʼʼИжодкор ўқитувчиларʼʼ семинари қатнашчиларнинг ҳар бирида ана шундай салоҳият борлигини кўрдим, – деди шоира Зулфия Мўминова.
Семинар доирасида иштирокчилар ʼʼДўрмонʼʼ ижод уйидаги ижодкорларга яратилган имкониятлар билан танишди. Адиблар хиёбонидаги ўзбек адабиёти дарғаларининг ҳайкалларини зиёрат қилди. Ғафур Ғулом номидаги уй-музейни томоша қилди. Ёзувчилар уюшмаси қошидаги нашрлар – ʼʼЖаҳон адабиётиʼʼ, ʼʼШарқ юлдузиʼʼ, ʼʼЁшликʼʼ журналлари ва ʼʼЎзбекистон адабиёти ва санъатиʼʼ газеталари таҳририяти ходимлари ва уларнинг қизғин фаолияти билан танишди, ижодий суҳбат қилди.
Ижодкор ўқитувчиларга ҳамкор ташкилотларнинг эсдалик совғалари топширилди. Келгусида Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси томонидан семинар иштирокчиларинг сара асарлари тўпланиб алманах шаклида чоп этилиши кўзда тутилган.