Ижара нархи испанларни ипотекага ундамоқда
Испанияда уй ижараси нархлари шунчалик ошиб кетдики, аҳолининг катта қисми энди ипотека орқали уй сотиб олишни молиявий жиҳатдан мақбулроқ, деб ҳисобламоқда. “Fotocasa Research” тадқиқотига кўра, испанларнинг 71 фоизи ҳозирги шароитда ҳар ой ижара тўлашдан кўра ипотека тўловини амалга ошириш фойдалироқ, деган фикрда.
Тадқиқот муаллифлари бу ҳолатни ижара бозоридаги кескин номутаносиблик билан изоҳламоқда. Уй-жой харид қилиш ҳамон қиммат ва бошланғич маблағни жамғариш осон эмас. Ижара ҳақининг муттасил ўсиши кўпчиликни узоқ муддатли ипотекани афзал кўришга ундамоқда.
Сўровнома яна бир хавотирли тенденцияни ҳам кўрсатди. Иштирокчиларнинг 56 фоизи мамлакатда янги кўчмас мулк “пуфаги” шаклланаётганидан хавотирда. Шу билан бирга, ҳар иккинчи испан ижарада яшашни “пулни шамолга совуриш” деб ҳисоблайди.
Экспертлар фикрича, бу вазиятга 2023-2025 йилларда ипотека кредитларининг арзонлашиши ва ижара нархларининг рекорд даражада ўсиши сабаб бўлган. Европа Марказий банки яқинда асосий фоиз ставкасини оширгани ипотека кредитларини яна қимматлаштириши мумкин. Бу эса Испания уй-жой бозоридаги вазиятни янада мураккаблаштириши эҳтимолдан холи эмас.
Мусулмон Зиё, ЎзА