"Italpress": Этна вулқони отилиши туфайли юзлаб рейслар бекор қилинди
Италиянинг Сицилия оролида Европанинг энг фаол вулқони - Этна яна отилди. Вулқон фаоллиги туфайли маҳаллий Катания аэропорти 14 августга қадар ёпилди. Бу ҳақда ахборот ҳамкоримиз – "Italpress" хабар бермоқда.
Таъкидланишича, Этна вулқони отилиши Сицилия ҳаво қатновига жиддий таъсир кўрсатди. Юзлаб рейслар бекор қилинди, айримлари маълум вақтга кечиктирилди, баъзи учоқлар Палермо ва Комизо аэропортларига йўналтирилди.
Италия Геофизика ва вулканология миллий институти маълумотига кўра, айни пайт 2 360 ва 2 750 метр баландликда жойлашган икки тоғдан кучли лава оқими чиқмоқда.
Маълумот учун, Этна йилига бир неча марта фаоллашади. Вулқоннинг аввалги кучли фаоллиги июль ойи бошида кузатилган.
(Ушбу мақола ЎзА ва “Italpress” ахборот агентликлари ўртасидаги ҳамкорлик келишувига мувофиқ тайёрланди)
Д.Ҳакимов, ЎзА