Италия вазири: Чет эллик тилимизни билмаса, синфга кирмайди
Италия таълим ва фан вазири Жузеппе Валдитара "Corriere della Sera" газетасига берган интервьюсида ҳукуматнинг чет эллик ўқувчилар учун таълим бериш тизими билан боғлиқ қарори лойиҳаси ҳақида фикр билдирган.
– Охирги бир неча ой ичида шу масала бўйича ишлаяпмиз, – деган у. – Итальян тилини билиш асосий омил бўлиб қолади. Қоида қай тартибда қўлланишини аниқлаш учун одил мезон мавжуд. Чеклов болалар боғчасига қатнаб бошланғич синфга кирган ёки мактабда бир неча йил муваффақиятли таҳсил олган ўқувчиларга нисбатан қўлланмайди. Зеро, бундай болалар тилимизни муайян даражада ўзлаштирган, деб ҳисоблаш мумкин. Меъёр Европа паспортига эга талабаларга ҳам татбиқ этилади.
Ҳозир итальян тилини билмайдиганлар жами хорижлик ёшларнинг тахминан учдан бирини ташкил этади. Айрим жойлар, масалан йирик шаҳарларнинг баъзи туманларида мигрантлар тўпланиши даражаси бир хил эмас. Ҳудудий мактаб бошқармаларига мувофиқлаштирувчи мақоми берилади. Яъни, ортиқча ўқувчи яқин атрофдаги бошқа мактабга кўчирилиши мумкин. Хуллас, аниқ ташкилий иш кўзда тутилган.
Тил билган элни танийди. Яшаб турган давлатининг қонунига итоат этиб, анъана ва қадриятини ҳурмат қилиш яхши. Италия таълимидаги бундай талаб ва қоида инсоннинг эркин билим олиш имкониятини оширишга қаратилган.
Абдуғафур Маматов, ЎзА