Истиқлолдан илҳом олган мусаввир
Алишер Алиқулов халқимизнинг бой тарихи, буюк аждодларимиз сиймосини монументал ва дастгоҳли рангтасвир асарларида юксак маҳорат билан гавдалантириб келаётган ижодкордир.
У 1966 йилда Тошкент шаҳрида таваллуд топган. Ёшлигиданоқ тасвирий санъатга бўлган қизиқиши уни ушбу соҳада профессионал таълим олишга ундади. Дастлаб Павел Беньков номидаги Республика рассомлик билим юртида таҳсил олди. Рангтасвирнинг илк сир-асрорларини ўрганди. Камолиддин Беҳзод номидаги Миллий рассомлик ва дизайн институтида таҳсил олди. Олий таълим масканида маҳоратини янада чархлаб, рангтасвир йўналишида таниқли устоз санъаткорлардан сабоқ олди.
Ижодининг шаклланиши мустақил Ўзбекистон даврига тўғри келди. Истиқлол йилларида миллий ўзликни англаш, тарихни қайта тиклаш ва буюк аждодлар хотирасини эъзозлашга устувор аҳамият қаратила бошланди. Рассом айни шу жиҳатларни юракдан ҳис қилиб, ўз ижодини тарихий ва монументал рангтасвир жанрига бағишлади.

Рассомнинг миллий санъатимиз равнақи йўлидаги меҳнатлари юксак қадр топди. Алишер ака Ўзбекистон Бадиий академиясининг олтин медали, Ватанимизнинг “Шуҳрат” медали билан тақдирланди. «Ўзбекистон Республикаси санъат арбоби”, “Академик-рассом” фахрий унвонларига сазовор бўлди.
Ижодкорни замонавий Ўзбекистон монументал рангтасвирининг илғор вакили деб аташ мумкин. Унинг йирик ҳажмли деворий суратлари мамлакатимизнинг энг муҳим маданият ва жамоат, маърифат мажмуаларини безаб турибди.
Жумладан, Ўзбекистон тарихи давлат музейи, Темурийлар тарихи давлат музейининг ички деворларидаги маҳобатли асарлар мусаввир ижодига мансуб юксак асарлардандир.

Рассомнинг деворий суратлари фақат музейлар билангина чекланмайди. У бир қатор маданий-маърифий биноларнинг интерьерлари учун ҳам йирик паннолар яратган. Жумладан, “Қатағон қурбонлари хотираси” давлат музейида жадидлар хотирасига бағишланган таъсирли ва фалсафий асарлар ишлаган. Халқаро Амир Темур жамғармаси биносида Соҳибқирон шахсияти ва давлатчилик анъаналарини улуғловчи суратлар, Олимпия ва паралимпия шон-шуҳрати музейида ўзбек полвонлари ва спортчиларининг ғалабаларига бағишланган, “Ғалаба боғи” ёдгорлик мажмуасидаги “Шон-шараф” давлат музейида Ўзбекистон ва ўзбек халқининг Иккинчи жаҳон уруши йилларида кўрсатган қаҳрамонликлари акс этган бетакрор паннолари ана шундай бетакрор асарлар сирасига киради.
Алишер Алиқулов портрет жанрида ҳам баракали ижод қилмоқда. Хусусан, Амир Темур, Заҳириддин Муҳаммад Бобур, Жалолиддин Мангуберди, Ал-Фарғоний сиймоларини ва уларнинг руҳий дунёси, матонати ва донишмандлигини ҳам муносиб равишда очиб берган.

Моҳир мусаввир асарларида миллий эпос ва афсоналар, масалан, «Алпомиш» достони мавзулари, халқ ўйинлари (улоқ-кўпкари, кураш) акс этган, ҳаракатларга бой ва колорити ёрқин рангтасвир асарлар салмоқли ўринларни эгаллайди. Шунингдек, Ўзбекистоннинг бетакрор табиати, тарихий шаҳарлари (Самарқанд, Бухоро, Хива) ва халқимизнинг кундалик ҳаёти акс этган лавҳалар ҳам устоз мусаввир асарларида кенг тараннум этилади.
Давлатимиз раҳбари Шавкат Мирзиёев ғояси ва ташаббуси асосида Тошкент шаҳрида барпо этилган муҳташам Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси марказининг кириш залидаги маҳобатли мозаика асарларининг яратилишида Ўзбекистон Республикаси санъат арбоби Алишер Алиқулов ва “Арт-трио” гуруҳи, ижодий лойиҳа бадиий раҳбарлари – Ўзбекистон Республикаси санъат арбоби, академик Турсунали Қўзиев, Ўзбекистон халқ рассомлари, академиклар Баҳодир Жалолов, Собир Рахметовларнинг ҳиссаси беқиёс. 14 монументал мозаика равоқлари ушбу марказга келган томошабинни бефарқ қолдирмайди. Ҳар бирининг баландлиги 10 метр, эни 3 метр, 30 квадрат метр ҳажмли ушбу 14 композиция умумий майдони 365 квадрат метр майдонни эгаллаган. Уч йил давомида яратилган бу монументал санъат асарлари наинки Марказий Осиё минтақаси, балки Осиё ҳудуди тарихидаги энг катта мозаика асари ҳисобланади.

Ушбу асарлар марказдаги Ислом Ренессанси даврлари, илм-фан ва давлатчилик тарихига бағишланган. Уларда акс эттирилган илк Ислом Ренессанси (IX-XII асрлар) Муҳаммад ал-Хоразмий, Аҳмад ал-Фарғоний, Абу Райҳон Беруний, Ибн Сино, Имом Бухорий ва Имом Термизий каби буюк мутафаккирларнинг илмий изланишлари ва баҳс-мунозаралари тасвирланган лавҳалар томошабинни бефарқ қолдирмайди.
Темурийлар Ренессанси (XIV-XV асрлар)га оид маҳобатли лавҳалар, жумладан, Амир Темур даврида илму маърифатнинг юксалиши, Мирзо Улуғбек ва унинг мактаби вакиллари (Ғиёсиддин Жамшид Коший ва бошқа алломалар) ҳамда Али Қушчи сингари олимларнинг фалакиёт ва математика соҳасидаги кашфиётлари акс этган лавҳалар юртимиз ва хорижлик меҳмонларнинг ҳайрати, ҳавасига сазовор бўлмоқда.

Ислом цивилизацияси марказининг махсус бўлимларида, шунингдек, Бобур ва бобурийлар сулоласи томонидан Ҳиндистонда барпо этилган маданий ва илмий меросга бағишланган асарлар ҳам жой олган. Ижодкорлар томонидан Бобурийлар даврининг меъморчилиги, адабиёти ва санъат гуллаб-яшнаган даври махсус равоқларда (арка) акс эттирилган. Композицияда Бобуршоҳнинг ижодий олами, «Бобурнома»нинг яратилиши ва сулола вакилларининг буюк бунёдкорлик ишлари фалсафий рангларда ифодаланган.
Ислом цивилизацияси маркази учун чизилган деворий суратлар шунчаки тарихий воқеликни кўрсатиб қолмай, XXI асрда ислом санъати ва маърифатининг қайта уйғонишини (Учинчи Ренессанс пойдеворини) ифодаловчи ўзига хос ғоявий-бадиий дастурдир. Шунингдек, «Илм, маърифат ва уйғунлик» панноси музейнинг тўққизинчи бўлими учун махсус ишланган бўлиб, унда ислом дунёсининг илм-фанга, бағрикенгликка ва жаҳон тамаддунига қўшган ҳиссаси жуда кенг ва чуқур композиция орқали очиб берилган.
Муаззам маскандаги ушбу ижод намуналари ўзининг бетакрор бой ифода услуби, тарихий шахслар қиёфасининг аниқ ва жонли ифодалангани ҳамда маҳобати билан маҳаллий ва хорижлик сайёҳларда жуда катта таассурот қолдирмоқда.
Алишер Алиқуловнинг ижод намуналари наинки Ўзбекистонда, балки жаҳон миқёсида ҳам яхши танилган. У кўплаб халқаро биеннале ва кўргазмалар иштирокчисидир. Унинг шахсий ва гуруҳли кўргазмалари Германия, Миср, Хитой, Туркия, Россия, АҚШ ва бошқа мамлакатларда муваффақиятли ўтказилган.

Рассом асарлари хорижий санъатшунослар томонидан Шарқ ренессанси руҳини замонавий рангтасвир тилида энг яхши ифодалаб берган намуналар сифатида эътироф этилади. Бўлажак рассомларга устозлик қилиш Алишер Алиқулов фаолиятининг муҳим қисмидир. У Ўзбекистон Бадиий академияси ва тасвирий санъат ўқув юртларида ёш иқтидорларга маҳобатли санъат сирларини ўргатиб келмоқда. Устознинг шогирдлари бугунги кунда республика ва халқаро кўргазмаларда муносиб иштирок этмоқда.

Устоз мусаввир Алишер Алиқулов истиқлол берган имкониятлардан руҳ ва илҳом олган, мўйқалами билан тарихни сўзлатган, миллий ғурур ва ватанпарварлик ғояларини ранглар жилосида куйлаган жонкуяр ижодкордир. Унинг асарлари келажакда ҳам миллатимизнинг бебаҳо маданий мероси бўлиб қадрланади.
Назокат Усмонова, ЎзА