Истиқлол – бутун борлиғимиз ва тақдиримиздир
Бугун юртимизда истиқлолимизнинг 30 йиллиги байрам шукуҳи кезиб юрибди.
Мустақилликка эришиш халқимизнинг азалий орзуси бўлганлиги ҳеч кимга сир эмас. Ўйлаб кўрсак, бу муқаддас туйғунинг, ёши, касби, амал-мартабасидан қатъий назар, ҳар бир инсон тақдирида ўз бетакрор ўрни, нақадар юксак қадр-қиммати бор. Аммо ҳар доим ҳам буни ўйлаб кўравермаймиз. Чунки асални доим мақтаймиз, ундан тотиб, ҳузурланамиз, баъзан, тўғриси, асални кўп еб қўйганимиз сабабли нолиб ҳам қўямиз. Бироқ ёдга келмайдики, асални тотгунга қадар асал ва асаларичининг қанчалар машаққатли меҳнати бор, бу йўлда қанчалаб йўқотишлар бўлган...
Кечагидек ёдимизда. Ўшанда еттинчи синфда ўқирдик. География дарси эди. Раҳматли устозимиз Тўлқинбой домла анча кексайиб қолган. (Ичида дарди кўп эдими, кўп чекарди). Дарсни жуда қизиқарли ўтарди. Бир вақт хонадан шошганча чиқиб, зум ўтмай хурсанд ҳолда қайта кириб келдилар ва:
– Ўқувчилар! Барчангизни табриклайман, бугун биз мустақил давлат бўлдик. Энди барчамиз мустақил юрт фуқароларимиз...
Ўшанда ўқитувчимизнинг қанчалик хурсанд эканлигини, очиғи, сўз билан таърифлаш қийин. Ҳатто кўзларида томчи ёш кўргандик. Биз эса мустақиллик сўзини у вақтларда аниқ-тиниқ ҳис қилмасак-да, бу сўзнинг қадр-қиммати халқимиз, ватанимиз учун ғоят бебаҳо эканлигини устозимизнинг ҳолатидан яққол англаб турардик.
Шунда устозимиз мамнунликдан қарсак чалдилар, биз уларга жўр бўлдик. Хонамизни ўқувчиларнинг гулдурос қарсаклари тутиб кетди...
Мустақиллик давридаги қийинчиликларни биз ўқувчи ёшлар ҳам анчагина сезиб, идрок этдик. Оилада менинг вазифам – мактабдан келгач, нон дўконидаги узундан-узун навбатда туриш ва у ердан икки дона буханка нон сотиб олиш эди...
Мен жуда нимжон ва кичик жуссали, туришим эса еттинчи эмас, тўртинчи синф боласиники каби эди. Баъзан ўзимдан кичик дароз болалар навбатдан мени сиқиб чиқариб юборарди. Навбатда туришдаги уринишларим кўп вақт зое кетар, аксар ҳолларда нон ололмай уйга қайтардим, чунки тугаб қоларди. Бунинг учун ота-онам мени койимас, кейинги сафар ҳаракат қилгин, дейишарди. Уйимиздаги маккажўхорини тегирмонда туйдириб, зоғора нон қилиб ердик. Чунки бу вақтда буғдой уни анқонинг уруғи ёки тиллога тенг неъмат эди. Ўша вақтларда навбатда туриш вақтидаги жанжаллар, бир буханка нон учун ёшидан қатъи назар, одамларнинг бир-бирларини беиззат қилишлари, кичик болакайларнинг эса тиқилинч ичида қолиб кетиб, ҳаттоки ҳушдан кетиб қолганликлари кўз олдимизда рўй берадиган одатий ҳолга айланганди...
Элдор деган синфдошим бўларди раҳматлик. У менинг қийналганимни кўриб, ёрдам беришга ошиқарди. Чунки буханка сотувчи хола унинг қўшниси бўлиб, у ҳам мактабдан келарди-да, холага ёрдамга тутинарди ва буханка сотилиб, тугагунга қадар ёрдамчилик қилиб, ўзига икки дона буханка сотиб оларди. Ўшанда дўстимнинг ёрдами катта бўларди. Сотувчи холага «Навбатнинг фалон жойида дўстим турибди. Илтимос унга икки дона нонингизни тортмага солиб қўйинг, унга келганда, тугаб қолмасин»-дея илтимос қиларди. Шу тариқа мен ҳам «нонлик» бўлиб қолардим. Навбатда туриб, икки дона нон олган куним, очиғи, ўзимни оиласини очликдан қутқариб қолган қаҳрамондай ҳис қилардим...
Бахтимизга томорқамиз бор. Унга буғдой сепамиз. Пишгач, уйда ўтириб барчамиз бошоғини синдирамиз. Қуёшда қақшатиб қуритгач, бошоғини ака-ука янчиб, донини оламизда, Мўйдин отанинг тегирмонига олиб борамиз. Отахон бизга: «Ҳа, пучуқвойларим!» деб қўяди. У ердан чиқариб олган унимиз қоп-қора, ғижир-ғижир, тандирда ёпсак, қора нон чиқади. Аммо мағзи ширин. Ҳар қалай «боймиз», чунки буғдой нонини еяпмиз...
Болаликдан шакарга ўч эдик. Шакар, оқ қанд бўлмаса, жанжал қилардик. Ўтиш давридаги қийинчиликлар биз болаларнинг ҳам сабрини синовдан ўтказди. Энди шакар, оқ қанд деб жанжал қилмайдиган, бир пиёла қайноқ чой ва қора буғдой нонига қаноат қиладиган бўлдик...
Йиллар ўтган сари барчаси аста-секин изга тушиб, буғдой нонининг сарасини ейдиган бўлдик. Чунки мамлакатимиз ғалла мустақиллигига ҳам эришди. Дўконлар пештахталари яна маҳсулотлар билан тўла бошлади. Тадбиркорлик ривожланиб, бир вақтлар
дўконларда турган қатор-қатор одамлар энди қўша-қўша уйлар, қатор-қатор машиналар сотиб олишга ўтдилар...
Бугунги кун болажонларига шу ҳикояларни айтсак, уларга эртакдай туюлади гўё. Ҳа, тарих ҳар бир инсонни хулосалар чиқаришга, йўғида сабр қилишга, борида қадрлашга ўргатади. Кеча болалигимизда тарихни ўқиб ўтирган бўлсак, бугун ёшимиз бир қадар улғайиб, ҳаётимизни тарих қилиб ёзишга тутинмоқдамиз. Албатта, булардан мақсад битта – у ҳам бўлса ибрат.
Бугун барчамиз Янги Ўзбекистон, учинчи ренессанс пойдеворини яратиш даврида яшамоқдамиз, бугун шиддатли тарзда кечаётган ислоҳотлар, том маънода, халқимизни ҳаётдан рози қилиш, ватанимиз куч-қудратини юксалтириш учун, албатта. Шубҳасизки,бунинг замирида истиқлол деб аталган неъмат, ҳурлик туйғуси ётибди. Уни қадрлаш, мустаҳкамлаш ҳар бир ватан фарзандининг шарафли бурчидир...
Шундай экан, бугунги тинч-осуда кунимиз, тўкинчилик ва фаровонликнинг қадрига етишимиз, уни асраб-авайлашимиз, бунинг учун Яратганга чексиз шукроналар айтишимиз, ўзаро аҳил, баҳамжиҳат бўлмоғимиз лозим.
Бола давримизда у қадар англаёлмаган ҳақиқатимиз шуки, истиқлол – бизнинг бутун бир борлиғимиз, тақдиримиздир. Бугун биз ҳам ўз касбимиз, меҳнатимиз билан ватан, халқ манфаатларини таъминлашга заррача ҳисса қўшаётган эканмиз, демак, биз ҳам мустақиллик учун хизмат қилмоқдамиз.
Баҳодир Валиев,
Фавқулодда вазиятлар вазирининг маънавий-маърифий ишлар самарадорлигини ошириш, давлат тили тўғрисидаги қонун ҳужжатларига риоя этилишини таъминлаш масалалари бўйича маслаҳатчиси